Жамият | 21:53 / 08.09.2020
12129
2 дақиқада ўқилади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Паст Дарғомдаги муаммони ўрганиш учун Самарқандга борди

Kun.uz'да «Паст Дарғомда «1000 та жўжа спектакли»: Бош ролларда прокурор ва ўғлини камбағал қилиб кўрсатган «маҳаллақўм» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда «Қўқони» маҳалласи раиси «Темир дафтар»га киритилган камбағал оила деб аслида ўз оиласини кўрсатгани ҳақида сўз борган.

Kun.uz'да ёритилган воқеа тезда кўпчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Аввалига Паст Дарғом тумани ҳокимлиги, кейинчалик Бош прокуратура бу борада расмий муносабат билдирди.

Мамлакатдаги очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлаган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам воқеага бефарқ бўлмади ва бу борада муносабат эълон қилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ айни дамда Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида бўлиб турибди. Вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ масалани воқеа жойида ўрганмоқда. 

Маълум бўлишича, бугун, 8 сентябрь куни мазкур ҳолат бўйича Паст Дарғом тумани «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда вазирлик раҳбарияти иштирок этди.

Шунингдек, мақолада келтириб ўтилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича воқеа ва унда иштирок этган масъул ходимлар билан боғлиқ тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.

Ўрганиш тафсилотлари ҳақида тез фурсатда батафсил маълумот берилади.

Маҳаллалар «темир дафтар»га киритилган оилалар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлари бўйича доимий назорат олиб бориш, шунингдек, мазкур салбий ҳолатлар қайта содир бўлмаслиги учун фуқаролар йиғинлари ходимлари иштирокида тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш, соҳа ходимларининг ўз фаолияти юзасидан масъулиятини янада ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларига вазирликнинг кўрсатма хати юборилган.

Мавзуга оид