Ўзбекистон | 13:36 / 08.09.2020
2800
3 дақиқада ўқилади

Қимматбаҳо металл ва тошлар муомаласи соҳаси ҳуқуқий тартибга солинади

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан фаолият кўрсатишнинг айрим турларини ишлаб чиқариш фақат давлат томонидан амалга оширилиши қонуний мустаҳкамланмоқда.

Қонунчилик палатасининг 2020 йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент сайтида ёзилишича, депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган ҳужжатлардан бири иккинчи ўқишда мажлис кун тартибига киритилган «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қонун лойиҳаси қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш, тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришни назарда тутади.

Шунингдек, лойиҳа қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш тартибини бугунгача амал қилиб келган тартиб-таомилларга нисбатан кескин соддалаштиришни назарда тутади. Унга қимматбаҳо металлар ва тошларга эгалик ҳуқуқини назарда тутувчи нормалар киритилган бўлиб, бу қимматбаҳо металларга оддий товар сифатида қараш, тадбиркорлик субъекти ёки жисмоний шахслар ҳам уларга эгалик қилиш, ўрнатилган тартибда эркин тасарруф этиш имконини беради.

Айни пайтнинг ўзида лойиҳада қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан фаолият кўрсатишнинг айрим турлари (тангалар, орденлар, стандарт ва ўлчамли ёмбилар)ни ишлаб чиқариш фақат давлат томонидан амалга оширилиши қонуний мустаҳкамланмоқда.

— Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида унинг амалда самарали ишлашини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятидаги заргарлар ва соҳа мутахассислари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди, —дейди Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Тиловолдиев. —Шунингдек, қонун лойиҳасида инвесторлар ҳуқуқлари ва манфаатларига зид келувчи нормалар мавжуд эмаслиги бўйича Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан инвестицион экспертиза хулосаси олинди.

Халқ вакилларининг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси билан жорий этиладиган янгиликлар соҳада давлат органлари ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш, ушбу соҳа фаолиятини хуфиёна иқтисодиётдан чиқариш, тармоққа инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шароит яратиш ҳамда рақобат муҳитини яхшилашга кўмаклашади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид