11:35 / 09.09.2020
11906

Андижонда тўйларда белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланди

1 август кунидан 7 сентябрь кунига қадар Қўрғонтепа, Марҳамат, Асака, Жалақудуқ, Шаҳрихон ҳамда Хўжаобод туманларида ўтказилган жами 11 та тўй маросимларида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланди.

Андижон вилоятида ИИБ ходимлари томонидан тўй маросимларини уй шароитида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказиш борасида жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, туман-шаҳар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идораларидан олинган рўйхатлар асосида тўй ўтказилиши белгиланган хонадон эгалари билан огоҳлантириш профилактик тадбирлари олиб борилмоқда.

Ўтган давр давомида никоҳ қуриш учун ариза берган 5 минг 601 нафар ёшларнинг 4 минг 621 нафари ва уларинг ота-оналари билан ўтказилиши белгиланган тўй маросимларида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш, тўйда қатнашувчи фуқаролар сонини 30 кишидан оширмаслик тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, огоҳлантириш хатлари олинди.

Бироқ, олиб борилган профилактик тадбирларга қарамасдан фуқаролар томонидан белгиланган чеклов қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1 август кунидан 7 сентябрь кунига қадар Қўрғонтепа, Марҳамат, Асака, Жалақудуқ, Шаҳрихон ҳамда Хўжаобод туманларида ўтказилган жами 11 та тўй маросимларида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-модда 2-қисмига асосан маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда қонуний чора кўришлик учун Андижон вилояти санитария-эпидемиология осойишталик марказига юборилди.

Top