БМТ: Саудия Арабистони ва БАА Яманда ҳарбий жиноятлар содир этган
Махсус комиссия ҳисоботига кўра, Яманда ҳарбий зиддиятлар бошланганидан буён 112 минг киши ҳалок бўлган, улардан 12 минг нафари тинч аҳоли вакилларидир.
БМТ шафеълигида ташкил этилган Яман бўйича халқаро делегация ушбу мамлакат ҳудудидаги низоларнинг барча қатнашчилари, жумладан Саудия Арабистони ва БАА ҳарбий жиноятлар содир этгани тўғрисида аниқ далиллар мавжудлигини маълум қилди.
Яман бўйича БМТ делегацияси 2017 йил охирида ташкил этилган. Миссия кейинги йиллар давомидаги учинчи ҳисоботини тайёрлади. У 2019 йил июлдан 2020 йил июнгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ҳисобот 29 сентбярда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 45-сессиясида муҳокамага қўйилади.
Ҳисоботда Ар-Риёд бошчилигидаги коалиция ва БАА қуролли кучлари вакиллари томонидан кўплаб ҳарбий жиноятлар содир этилганлиги борасида далиллар мавжудлиги таъкидланган.
Ҳисоботга кўра, Яманда ҳарбий зиддиятлар бошланганидан буён 112 минг киши ҳалок бўлган, улардан 12 минг нафари тинч аҳоли вакилларидир.
БАА ҳарбийлари Яманда бўлиб турибди, амирликларнинг ҳарбий-ҳаво кучлари зарбалари тўхтамаяпти. Абу-Даби ўз ҳарбийлари билан биргаликда Яман аҳолиси орасидан 90 мингга яқин жангарини молиялаштиришни давом эттирмоқда, дейилади ҳисоботда.
БМТ экспертларининг қайд этишича, Яман, Саудия Арабистони, БАА, хусийлар ва амирликлар томонидан қўллаб-қувватланаётган Жанубий ўтиш кенгаши қотиллик, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқ ва зўравонлик каби ҳолатларни кўп марталаб содир этган.
Яманда 2014 йил сентябрдан бери қуролли низо давом этмоқда. Эрон қўллаб-қувватлайдиган «Ансоруллоҳ» (хусийлар) ҳаракати мамлакат ғарбидаги катта ҳудудни назорат қилмоқда.
Ҳукумат кучлари Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалицияси қўллаб-қувватлаши остида 2015 йил мартдан буён хусийларга қарши кураш олиб бормоқда.
Яман жанубининг бир қисмини Жанубий ўтиш кенгаши айирмачилари назорат қилади. Уларни БАА фаол қўллаб-қувватлайди.
Мавзуга оид
08:10
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
11:20 / 11.11.2024
АҚШ Ямандаги ҳусийчиларнинг қурол омборларига зарба берди
09:25 / 11.11.2024