Жаҳон | 22:07 / 09.09.2020
3623
2 дақиқада ўқилади

Молдова президенти иккинчи муддатга номзодини қўйишини эълон қилди 

Молдова президенти Игорь Додон президент сайловларига ўз номзодини қўйишини эълон қилди. Сайлов 1 ноябрда бўлиб ўтади.  

Фото: AP

“Мен президент сифатида иккинчи муддатга номзодимни қўйишга қарор қилдим, чунки президент лавозимида ишимни давом эттиришимни ва ўз сиёсатимни охиригача етказишимни истаётган фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланишимга ишонаман. Буни мен ҳам истамоқдаман – иккинчи президентлик муддати вақтида биринчисида бошлаган ишларимни давом эттирмоқчиман”, деб таъкидлаб ўтган Додон. 

Молдова президентининг таъкидлашича, у учун биринчи президентлик муддати оғир кечди. “Дастлабки босқичда Плахотнюкнинг олигархча тузумига дуч келдик ва уни тўнтара олдик. Сўнгра коронавирус пандемияси, қурғоқчилик, кўплаб иқтисодий агентлар фаолиятининг тўхташи юз берди”, деб ёзган Додон фейсбукда.

Додоннинг фикрича, Молдова президенти мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам мувозанатни ушлай оладиган одам бўлиши керак. “Молдовага миллий қадриятларни ҳурмат қилувчи, молдованча урф-одатлар ва насроний динига амал қилувчи, ташқи сиёсатда эса ҳам Россия, ҳам Ғарб билан яхши муносабатларни қўллаб-қувватлай оладиган ватанпарвар етакчи бошчилик қилиши керак”, деб таъкидлаб ўтган Молдова раҳбари.

Игорь Додон 2016 йил декабрда Молдова президенти этиб сайланган. Бунгача у Молдова иқтисодиёт ва савдо вазири, бош вазир биринчи ўринбосари лавозимларини эгаллаган. 

Мавзуга оид