Жамият | 15:02 / 10.09.2020
11050
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 7 ёшли болани уриб юборган ҳайдовчи воқеа қандай содир бўлганини гапириб берди

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

7 сентябрь куни Самарқанд туманининг «Талибарзуи-поён» (халқ тилида «Максим Горкий») маҳалласи ҳудудида 2001 йилда туғилган ҳайдовчи Ш.М. бошқарувидаги «Ласетти» 7 ёшли болани уриб юборгани ва болакай воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

MY5 телеканали шу мавзуда тайёрлаган лавҳада ЙТҲни содир этган ҳайдовчи воқеа қандай бўлганини сўзлаб берди.

Унинг айтишича, «Оқмачит» маҳалласи томондан «Равонак» маҳалласи томонга кетаётган бўлган ва «Талибарзуи-поён» маҳалласига келганда, йўл чеккасида турган уч боладан бири югуриб катта кўчага чиққан ва ўша болани уриб юборган.

Йўл четидаги ариққа тушиб кетган болани гувоҳлардан бири зудлик билан ариқдан чиқариб олган ва болани уриб юборган «Ласетти»га ётқизиб, касалхонага олиб кетишган. Бироқ болакай воқеа жойида ҳалок бўлганди.

Ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид