Ўзбекистон | 19:10 / 11.09.2020
8499
2 дақиқада ўқилади

«Аксарият илмий ташкилотлар фан йўналишларида монополистга айланган» – Танзила Норбоева

Илмий фаолиятни ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Бугун, 11 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 7-ялпи мажлисида мамлакатда илмий фаолиятни ривожлантириш кўрсаткичларининг қониқарсизлиги хусусида сўз борди.

Қайд этилишича, илм-фан соҳасига ажратилган молиялаштириш бугунги кунда ялпи ички маҳсулотга нисбатан атиги 0,2 фоизни ташкил этади.

«Инновацион ривожланиш стратегиясида 2021 йилгача илм-фанга ажратиладиган маблағлар ялпи ички маҳсулотнинг 0,8 фоизгача оширилиши белгиланган бўлса-да, бу кўрсаткич 2018-2020 йилларда турғун даражада 0,15 фоиз миқдорида қолмоқда.

Олий таълим муассасалари кўпайгани ҳолда жойларда янги моддий техник базани шакллантириш, таълим муассасаларида илмий даражали профессор-ўқитувчиларнинг салмоғи етарли эмас, илмий салоҳият кўрсаткичи паст.

Таҳлилларга кўра, сўнгги уч йилда таянч докторантура ва докторантура битирувчиларининг диссертация иши ҳимояси 54,7 фоизни ташкил этган. Магистрлар илмий фаолиятни давом эттириши бўйича етарлича шарт-шароитлар яратиш муаммоси тўлақонли ечим топмаган.

Мамлакат минтақаларидаги таълим муассасаларида илмий фаолият билан шуғулланиш паст даражада қолмоқда. Диссертация ҳимояларининг 66 фоизи Тошкент шаҳрига, қолган 34 фоизигина вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келмоқда», деди сенатор Орал Атаниязова.

Сенат раиси Танзила Норбоева илмий фаолият ривожи билан боғлиқ муаммоларга муносабат билдирди.

«Илмий ташкилотлар ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш зарур. Аксарият илмий ташкилотлар фан йўналишларида монополистга айланиб қолган.

Бундан ташқари, илм-фанни молиялаштиришда хусусий сектор улушини босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўриш лозим. Хусусий секторни фундаментал тадқиқотларнинг олиб борилишига қизиқтириш керак. Японияда 90 фоиз тадқиқотлар хусусий сектор томонидан молиялаштирилади. Бу борада Япония тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ», деди юқори палата раиси.

Мазкур муаммолар юзасидан тушунтириш олиш мақсадида сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилишди.

Мавзуга оид