Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавирус: дунёда пандемиянинг ярим йиллиги, Украина ва Францияда антирекордлар
Жума куни ЖССТ ташкилотининг Covid-19 тарқалишини пандемия деб тан олганига 6 ой бўлди. У асосан саноқли орол давлатларидан ташқари бутун дунёни қамраб олди.
ЖССТнинг апрель ойидаги маълумотларига кўра, Лесото, Вануату, Кирибати, Тонга, Микронезия, Палау, Тувалу, Науру, Комор ороллари, Соломон ва Маршалл ороллари ва Самоада коронавирус касаллиги аниқланмагани қайд этилганди. Шунингдек, Туркманистон ва Шимолий Кореядаги ҳолатлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо экспертлар ушбу икки мамлакатда ҳақиқий маълумотлар расмийлар томонидан яширилади деб ҳисоблашади.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда деярли 28,1 миллион киши коронавирус билан касалланган, 910 минг киши вафот этган.
BBC жаҳон хизмати сўнгги олти ойлик пандемия даврида дунёдаги вазиятни баҳолаш учун тадқиқот ўтказди. Сўровномада 30 минг киши иштирок этган. Хулосалардан бири шундан иборатки, пандемия ҳар бир алоҳида мамлакат ичида ҳам, мамлакатлар ўртасида ҳам ижтимоий тенгсизликни кучайтирди.

Шунингдек, камбағал мамлакатлар учун Covid-19’нинг қисқа ва узоқ муддатли оқибатлари анча жиддийроқ. Шахсий молиявий аҳволнинг сезиларли даражада ёмонлашиши ҳақида камбағал мамлакатлардаги (Лотин Америкаси, Осиё ва Африка) респондентларнинг 69 фоизи, фаровонроқ бўлган мамлакатлардаги (Европа ва Шимолий Америка) иштирокчиларнинг 45 фоизи хабар қилган.
Пандемия сабабли молиявий аҳволи ёмонлашган аҳолининг энг юқори фоиз улуши қуйидаги мамлакатларга тўғри келади: Кения (91 фоиз), Таиланд (81 фоиз), Нигерия (80 фоиз), ЖАР (77 фоиз), Индонезия (76 фоиз) ва Вьетнам (74 фоиз).

Европадаги вазият
Францияда сўнгги 24 соат ичида 9843та янги ҳолат қайд этилди, бу билан пандемия бошидан бери мамлакатда қайд этилган кунлик энг юқори кўрсаткич яна янгиланди. Яқин вақтлар ичида Франция расмийлари янги қатъий локдаунни олдини олиш учун бир қатор чораларни кучайтиришни муҳокама қилишади.
Каталонияда жума куни миллий байрам нишонланади, шу муносабат билан маҳаллий расмийлар 48 мингга яқин одамни кўчага чиқарди. Байрамлар доирасида бутун минтақада 100дан ортиқ юришлар ўтказилмоқда. Каталония миллий ассамблеяси барча хавфсизлик чоралари ва гигиена меъёрларига риоя қилинганини даъво қилмоқда.
Аввалроқ Барселона тиббиёт коллежи президенти Хауме Падрос расмийлар ва фуқароларни оммавий тадбирлардан воз кечишга чақирган эди. Ғарбий Европанинг кўплаб ҳудудларида эпидемиологик вазият яна ёмонлашди. Испания касалланганлар сони бўйича (554,1 минг) Европада энг кўп зарар кўрган мамлакат ва ўлим сони бўйича (29,7 минг) қитъада тўртинчи ўринни эгаллайди.
Бутун пандемия пайтида Швейцария ҳисобот янгиликларида камдан кам қайд этилди, у ердаги вазият - Европада энг қониқарли ҳолатлардан бири. Бироқ, сўнгги кунлар давомида Фрайбург кантонидаги иккита қариялар уйида касаллик авж олгани аниқланди. 90 кишига Covid-19 ташхиси қўйилган (58 нафар қария ва 32 нафар ходим), саккиз киши вафот этган. Ижтимоий хизматлар уларга нисбатан янада эҳтиёткорлик билан ғамхўрлик қилиш учун кекса одамларни касалхоналарга жойлаштиришга уринишмоқда. Пандемия туфайли Швейцариядаги қариялар уйларида ходимлар сони сезиларли даражада камайди.
Швейцариядаги умумий ҳолатлар сони 45 мингдан ортиқ, ўлимлар сони 1700дан ошади.
Бир кун ичида рекорд миқдордаги касалланиш ҳолати Украина (3144 ҳолат) ва Чехияда (1382) қайд этилди. Бу икки мамлакат расмийлари бунга одамларнинг гигиена қоидаларига бепарво муносабатда бўлиши сабаб деб ҳисоблайди.
11 сентябрдан Буюк Британия Португалиядан келганлар учун икки ҳафталик карантинни қайта тиклайди. Фақатгина Азор ороли ва Мадейра бундан мустасно: у ерда дам олувчилар изоляция қилиниши шарт эмас.
Карантин қоидаси Венгриядан қайтувчилар учун ҳам тикланди, Англия эса (Уэльс ва Шотландиядан ташқари) Франция Полинезиясини ҳам ушбу рўйхатга киритди.
Жаҳон туризм ва сайёҳлик кенгаши президенти Глория Гуеваранинг айтишича, Буюк Британиянинг Португалия ва Венгрияни ҳаво кўприги деб номланган шартномадан четлаштириши кўпчиликни чипталарни алмаштиришга шошилишга мажбур қилди. Бутун бошли оилалар шошилинч равишда ушбу мамлакатлардан Британияга зудлик билан қайтиб, 14 кунлик изоляциядан қочишга ҳаракат қилмоқда.
Британия ҳукумати Венгрия ва Португалиядаги эпидемиологик вазиятни яна нохуш деб ҳисобламоқда, аммо шу билан бирга, пандемия бошланганидан бери бир кун ҳам локдаун ҳолатида бўлмаган Швецияни карантин мажбурий бўлган мамлакатлар рўйхатидан чиқариб ташлади.
Бошқа янгиликлар
Ҳиндистонда навбатдаги кунлик антирекорд - 96 минг ҳолат. Бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида мамлакатда аниқланаётган кунлик янги ҳолатлар сони 90 мингдан ошяпти. Ҳиндистонда рўйхатга олинган ҳолатларнинг умумий сони 4,5 миллиондан ортади (дунёда иккинчи ўринда), 76,2 минг киши вафот этган (дунёда учинчи).
АҚШ касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари бўйича дунёда етакчиликни давом эттирмоқда - мос равишда 6,4 миллион ва 1,9 миллион ҳолатлар. Мамлакатнинг бош эпидемиологи Энтони Фаучи америкаликларни шу куз ва қишда «ташқарига чиқмасликка» чақирди.
«Пандемия потенциалини менсимаслик ярамайди. Умидларга берилиш ва оламга пушти кўзойнак билан боқишнинг вақти эмас. Ўзимизга эҳтиёт бўлишимиз ва шу куз-қишдан омон чиқишимиз керак, бу осон бўлмайди», - деди Фаучи.
Пандемия давомида Фаучи ва Дональд Трамп ўртасида карантин ва фалокат кўлами бўйича турли қарашлар туфайли бир нечта келишмовчиликлар юзага келди. Август ойида шифокор ўлим билан таҳдид қилганини ва қизлари тенгдошлари томонидан таҳқирланганини тан олди.
Мавзуга оид
10:40
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
10:25
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
20:04 / 08.06.2026