Мамлакатда ногиронлиги бор бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит»ни шакллантиришимиз лозим – Сенат Раиси
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева ногиронлиги бор бўлган шахслар муаммолари юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга урғу берди.
«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун ҳақиқатан ҳам ўта муҳимдир. Мазкур йўналишда йиллар давомида талай муаммолар тўпланиб қолганини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу жумладан, ногиронлиги кундек равшан бўлган инсонларни ҳар сафар қайта-қайта кўрикдан ўтказиш, текшириш амалиёти ҳам йўқ эмас. Қонунда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, ногиронликни белгилаш жараёнини соддалаштириш бўйича аниқ нормалар белгиланганини ҳам эътироф этишимиз керак.
Яна бир муҳим масала, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлашда статистикани тартибга солиш керак. Ногиронлик масаласини таҳлил қилиш, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳаётга тўлиқ интеграция қилиш учун бундай шахслар, уларнинг сони, истиқомат қилаётган ҳудудлар, ногиронлик даражаси ҳамда шу каби муҳим жиҳатлар тўғрисида аниқ маълумотга ва тасаввурга эга бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, амалга ошириладиган ишлар тўлиқ бўлмайди, қайсидир қатлам, қайсидир инсонлар эътибордан четда қолиб кетаверади.
Бундан ташқари, халқаро мезонлардан келиб чиқиб, мамлакатда ногиронлиги бор шахслар учун “тўсиқсиз муҳит”ни шакллантиришимиз лозим», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Сенат матбуот хизмати.
Сенат раиси бу борада муаммолар етарли эканини таъкидлади.
«Кундалик ҳаётимизда – транспорт, овқатланиш шохобчалари, хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар масканларда ногиронлиги бор шахслар учун зарур шароитлар яратилмаганига кўп дуч келамиз. Табиийки, бу уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қолаверса, ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилишга устувор аҳамият қаратиш керак. Улар жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканликларини доимо ҳис қилишлари лозим. Аввало, бу масалага жамият қарашини, муносабатини ўзгартириш керак. Бу эса, ишни ўрта ва узоқ муддатли, аниқ стратегия ва йўналишларга асосланган ҳолда ташкил қилишни талаб этади. Бунда нафақат ташкилий-ҳуқуқий, балки ахлоқий мезонларга ҳам аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ», деди Норбоева.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024