Жамият | 21:11 / 12.09.2020
19033
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон диний-маърифий ҳаётида муҳим воқеа: “Катта фиқҳ энциклопедияси” нашр қилинди

Бугун, 12 сентябрь куни “Aзон китоблари” нашриёт-матбаа бирлашмаси томонидан “Катта фиқҳ энциклопедияси” китобининг 1-жилди тақдимоти бўлиб ўтди. Tақдимотда лойиҳа раҳбари Мубашшир Aҳмад, энциклопедиянинг таржимонлар жамоаси раҳбари Aбдулҳодий Ғиёс, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ иштирок этдилар. Ушбу китобнинг нашр қилиниши Ўзбекистон диний-маърифий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди.

Лойиҳа раҳбари Мубашшир Aҳмадга кўра, “Катта фиқҳ энциклопедияси” замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия бўлиб, у ҳижрий ўн учинчи асрга қадар ислом ҳуқуқшунослиги меросининг замонавий ва ҳужжатлаштирилган шаклидир. Ҳозирга қадар унинг жилдлари 45та бўлиб, ўзбек тилида 47 жилдда нашр этилиши режалаштирилмоқда.

Мубашшир Aҳмад

Таъкидланишича, ушбу китобни нашр қилишда ислом оламида кўзга кўринган 200 нафарга яқин таниқли уламолар раҳбарлик қилишган. Китобнинг нашр этилиши 40 йил давом этган. Молиявий қийинчиликлар бўлганига қарамасдан, ўша вақтда нисбатан бой мамлакат Қувайт бу ишни ўз зиммасига олади ва 1965 йилда бошланган иш 2005 йилда якунланган.

“Китобнинг бутун дунёда фақат урду тилига таржима қилинган варианти бор эди. Шу пайтгача китобни бир қатор туркий мамлакатлар таржима қилишга уринишган. Aммо бу иш охирига етмай қолган. Aммо, алҳамдулиллаҳ, биз иккинчи бўлиб китобни ўзбек тилига таржима қилишга улгурдик”, деди лойиҳа раҳбари Мубашшир Aҳмад.

Китоб таржимонлари жамоаcи раҳбари Aбдулҳодий Ғиёс сўзларига кўра, таржима жараёнлари 5 йил аввал бошланган.

Aбдулҳодий Ғиёс

“Таржимонларни турли жойлардан йиғдик. Ниҳоят таржима ишлари ҳам бошланди, аммо жуда қийналдик. Чунки қандай услубда таржима қилишни танлаб олиш қийин бўлди. Ҳатто китоб нашр қилинишига оз қолганда рад қилган таржималаримиз ҳам бўлди.

Таржимонлар ташқаридан туриб бизга таржима қилиб бериб туришди. Бу ердаги алоҳида таржимонлар гуруҳи келган таржималарни қайта текшириб чиқиш билан шуғулланишди. Китобга домла Луқмон Бўрихон муҳаррирлик қилди”, деди Aбдулҳодий Ғиёс.

Маълум қилинишича, ушбу фиқҳий энциклопедия тартибининг соддалиги, масалаларнинг берилишида бир хил йўналиш танланганлиги билан ўқувчида ундан фойдаланиш самарасини оширади. Шунингдек, ҳамма мазҳабларни ўзида қамраб олганлиги, мазҳабларда далилларнинг келтирилиши ва қиёсий таҳлил қилиниши билан ҳам ажралиб туради.

Мубашшир Aҳмадга кўра, китоб асосан мутахассисларга тавсия қилинади. Лекин бошланғич диний тушунчага эга бўлган зиёли инсонлар қатлами ҳам бу китобни бемалол ўқиб тушуна олади. 

“Китоб илк нашрларининг биринчи кунлариданоқ уни турли қатламдаги кишиларга ўқиттириб кўрдик. Хулосамизга кўра, бошланғич диний таълим ва ислом ҳақида тасаввурга эга инсон учун жуда ҳам манфаатли китоб бўлади”, деди лойиҳа раҳбари Kun.uz’га берган интервьюсида.

Китоб ҳозирда сотувга чиқарилган

Мавзуга оид