Жаҳон | 23:45 / 15.09.2020
13863
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг сайловолди плакатларида Россия самолётлари акс этгани аниқланди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси АҚШ қўшинларини қўллаб-қувватлашга чорловчи можароли реклама плакатларини чиқарди. Гап шундаки, плакатда АҚШ қирувчи самолётлари эмас, балки Россиянинг МиГ-29 самолётлари тасвирланган бўлиб чиқди. Бундан ташқари, плакатдаги аскарлардан бирининг қўлида Калашников автоматини илғаш мумкин бўлган. 

“Қўшинларимизни қўллаб-қувватла” деган ёзув бўлган плакат 8 сентябрда эълон қилинган ва 12 сентябрда фойдаланишдан олиб ташланган. Ушбу плакат Politico нашри эътиборини тортган ва нашр плакатдаги ғализликлар юзасидан экспертлар фикрини билишга қарор қилган. Улар, ўз навбатида, плакатда тасвирланган самолётлар ҳақиқатан ҳам МиГ-29 эканини тасдиқлашган.      

“Бу аниқ МиГ-29. Мен у [Трамп] қўшинларимизни қўллаб-қувватлашидан хурсандман”, деб киноя қилган АҚШ армияси учун F-16 ва A-10 самолётларини ишлаб чиқишда иштирок этган Пьер Спрей.

Москвадаги Стратегиялар ва технологиялар таҳлили маркази директори Руслан Пухов ҳам плакатдаги самолётлар МиГ-29 эканини тасдиқлаган ҳамда аскарлардан бирининг қўлида АК-74 борлигини айтган. Унинг таъкидлашича, баннерда Россияда ишлаб чиқилган автоматнинг тасвирланганини ғайритабиий деб атаб бўлмайди, чунки АҚШ армияси қуролланишида бу турдаги автоматлар бор. Бироқ МиГ-29 самолёти кулгини қистади. 

“Агар бу плакат бошқа кимдир томонидан эълон қилинганда бундай кескинликка сабаб бўлмасди. Агар уни Жорж Буш 11 сентябрдан кейин қўллаганда бу техник хатода қандайдир фитнани кўриш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди”, деб айтган Пухов.

Кўринишича, баннер дизайнерлари Shutterstock.com сайтидаги тайёр суратдан фойдаланишган. Трампнинг сайловолди кампанияси вакиллари ушбу ҳолатга ҳозирча изоҳ беришмаган.

Таъкидланишича, плакат Трампни навбатдаги маротаба Россияни хушлашда айблаш учун атайлаб шундай бажарилган бўлиши ҳам мумкин.    

МиГ-29 собиқ иттифоқда лойиҳаланган қирувчи самолёт бўлиб, биринчи марта ҳавога 1977 йилда кўтарилган. Самолёт совуқ уруш вақтида АҚШнинг F-15 ва F-16 қирувчи самолётларига қарши курашда қўллаш учун ишлаб чиқилган.

Маълумотларга кўра, ушбу самолётлар яқинда Россиянинг Сурия ва Ливиядаги базаларида пайқалган. Россия, шунингдек, бу турдаги самолётларни Шимолий Корея, Ҳиндистон ва Сурияга экспорт қилган. Бундан ташқари, АҚШ ушбу самолётлар Эрон каби рақиблари қўлига тушишидан хавотирланиб, ундан 29 тасини 1997 йилда Молдовадан сотиб олган.  
Шу билан бирга Калашников автомати АҚШ қуролланишида ҳақиқатан бор бўлиб, америкалик ҳарбийлар уни Вьетнамдаги уруш вақтидан бери юқори баҳолаб келишган. АҚШ ҳарбийлари АК-74ни “инжиқмаслиги” ва номақбул об-ҳаво шароитларида ҳам қўллаш мумкинлиги учун бир қатор операциялар вақтида қўллашган. 

Мавзуга оид