Ўзбекистон | 14:32 / 16.09.2020
2833
2 дақиқада ўқилади

200 мингга яқин фуқаро тартибли ва манзилли меҳнат миграцияси билан қамраб олинган – Агентлик

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Аҳмадов хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик фуқаролар статистикаси ҳақида маълумот берди.

«Бугунги кунда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз сони ўртача 2 миллион атрофида. Шундан 1 миллион 500 мингдан ортиқ фуқаромиз Россия Федерацияси, 200 мингга яқин фуқаро Қозоғистон Республикасида, 50 мингдан ортиқ фуқаролар Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишяпти», деди Азим Аҳмадов.

У Ташқи меҳнат агентлиги ва бошқа хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотлари томонидан тартибли ва манзилли меҳнат миграцияси билан қамраб олинган фуқаролар статистикасини ҳам келтирди.

«Бундан 3-4 йил олдинги вақтни оладиган бўлсак, кўрсаткичимиз 0,2 фоиз бўларди, кўп ҳолатларда 0,2 фоизга (4 мингга яқин фуқаролар) ҳам етмасди. Бугунги кунга келиб эса 200 мингга яқин фуқароларимизни тартибли меҳнат миграцияси ёки манзилли меҳнат миграцияси билан қамраб олдик.

Тартибли меҳнат миграцияси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки хусусий миграция агентликлари орқали ташкиллаштирилган тартибда чет элга ишга жойлаштирилган бўлса, манзилли меҳнат миграциясида хорижга кетувчи ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларга ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатилиб, давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланишини таъминлаб, яъни имтиёзли чипталар деймизми, ҳаёти ва соғлиғининг суғуртасини таъминлаш орқали деймизми, кетиш манзилигача бўлган маълумотларга эга бўлиб, уларнинг рўйхатини шакллантириб юборилган, манзилли қамраб олинган кўрсаткичларимиз бугунги кунда 9 фоизга етди. Бу 200 минг нафар атрофидаги фуқароларни ташкил этади», деди у.

Мавзуга оид