Ўзбекистон | 16:14 / 16.09.2020
15098
2 дақиқада ўқилади

Учтепа туманида бекатда турган аёлни сабабсиз урган шахс қўлга олинди. ИИББ тафсилотларни маълум қилди

Мазкур факт асосида Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Интернетда фойдаланувчилардан бири эълон қилган постда Евгения К. исмли фуқаро номаълум шахс томонидан калтаклангани ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмагани ҳақида сўз борган.

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, мазкур ҳодиса 11 сентябрь куни тахминан соат 16:00да Учтепа тумани Г-9 “а” кварталидаги жамоат транспорти бекати яқинида содир бўлган

Номаълум шахс аёлнинг ёнига келиб, бир неча бор унинг боши ва юзига сабабсиз урган. Ҳодиса ҳақида фуқаролар яқин атрофда бўлган профилактика инспектори капитан Равшан Алимов ва патруль-пост хизмати ходимларига хабар беришган. Ходимлар воқеа жойига келиб, ҳодиса иштирокчиларини Учтепа тумани ИИО ФМБ 7-сон ички ишлар бўлимига бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини ҳужжатлаштириш учун олиб келишган. Шунингдек, жабрланувчи 32 ёшли Евгения К.дан 102 рақамига қўнғироқлар келиб тушган.

ИИО ходимлари аниқлашларича, аёлга ташланган киши маст ҳолатда бўлиб, нима учун бу ишни қилганини тушунтира олмаган. Мазкур шахс спиртли ичимлик таъсири остида маст эканлиги тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланди. Шунингдек, суд-тиббий экспертиза ўтказилиб, унинг хулосасига кўра жабрланувчига енгил даражадаги бадан шикастлари етказилгани қайд этилди.

Айни вақтда айбланувчи маъмурий тартибда қўлга олинган.

Мазкур факт асосида Учтепа тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми бўйича (“Безорилик”) жиноий иш қўзғатилиб, ҳужжатлар Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимига йўналтирилди.

Мавзуга оид