Жаҳон | 02:13 / 17.09.2020
9757
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон вакили Покистоннинг хатти-ҳаракатлари туфайли ШҲТ учрашувини тарк этди

Фото: РИА "Новости"

ШҲТ доирасида ўтган учрашувда Покистоннинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳиндистоннинг бир қисми Покистон ҳудуди сифатида тасвирланган харитани намойиш қилгач, Ҳиндистон вакили Ажит Довал норозилик белгиси сифатида учрашувни тарк этди.

Ушбу кўнгилсиз воқеа ШҲТга аъзо давлатларнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари учрашувида юз берди.

“Бу ташкилотчининг маслаҳатига беписандлик ва йиғилиш меъёрларига зид бўлди. Ҳиндистон томони қабул қилувчи томон билан маслаҳатлашувлардан кейин норозилик сифатида бу босқичда учрашувни тарк этди”, деб таъкидлаб ўтган Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Анураг Шривастава.

Августда Покистон бош вазири Имрон Хон мамлакатнинг янги сиёсий харитасини тақдим қилган. Унда Покистон ҳудуди Ҳиндистондаги Жамму ва Кашмир иттифоқдош ҳудуди ва Гужарот штатидаги Жунагад шаҳри қўшилган ҳолда тасвирланган бўлган. Ҳиндистон бунга жавобан бундай баёнотлар ҳеч қандай ҳуқуқий асосга ҳам, халқаро нуфузга ҳам эга эмаслигини айтган.

2019 йил 5 августда Нью-Деҳли Жамму ва Кашмир штатини тугатиб, унинг ўрнига иккита иттифоқдош ҳудудни ташкил этган. Бундан аввал эса Ҳиндистон парламенти конституциянинг штатга алоҳида мақом берувчи моддасини бекор қилган. Кашмирнинг Ҳиндистондаги қисмига даъвогарлик қилувчи Покистон бу қарорни кескин қоралаган. 

Британия Ҳиндистонининг мусулмон ҳудудлари алоҳида давлат – Покистонни ташкил этгач, Жамму ва Кашмир аҳолисининг кўпчилиги мусулмонларни ташкил қилувчи ягона ҳинд штати бўлиб қолган. Бу ҳудудда айирмачилар фаол ҳаракат қилади. Ҳиндистон Покистонни уларни қўллаб-қувватлашда айблаб келади. Бироқ Исломобод бу айбловларни рад этиб, Кашмир аҳолиси ўз ҳуқуқлари учун мустақил курашаётганини таъкидлайди.

Мавзуга оид