Дарс чоғида вафот этган ўқувчи қиз воқеаси: уни аллергия белгилари безовта қилгани айтилди
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида ўқув йилининг илк кунида 9-синф ўқувчиси (қиз бола) Ш.С. дарс вақтида тўсатдан вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди.
Мазкур ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz’нинг Жиззах вилоятидаги мухбири 11-умумтаълим мактаби ҳамда вилоят прокуратурасида бўлиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеага берилган турли тафсилотларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.
Сайт мухбири мактабга борган вақтда мактаб директори Хосият Тўраева телефон орқали вилоят прокуратурасидалигини маълум қилиб, барча саволларга директор ўринбосари Воҳид Солиев жавоб бериши мумкинлигини билдирди.
«Мактабимиз 630 ўринли бўлишига қарамасдан бугунги кунда 2 сменада 1265 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 14 сентябрь куни дарслар бошланган кундан буён бирор мактаб ўқувчисида тана ҳароратининг кўтарилиши ёки ортиқча безовталик аниқланмаган. Марҳум ўқувчимиз Ш.С ҳам 16 сентябрь куни дарсга келганида барча ўқувчилар сингари назоратдан ўтказилганда, унда ҳеч қандай касаллик аломатлари намоён бўлмаган.
Биз воқеага ойдинлик киритиш учун ўқувчи қизимизнинг поликлиникадаги тиббий маълумотномалари билан танишиб чиқдик. У жойда ҳам ўтган вақт мобайнида Ш.С.ни бирор сурункали касаллик безовта қилмагани кўрсатилган. Унинг акаси ҳам мактабимизнинг собиқ битирувчиларидан ҳисобланади. У мазкур воқеа рўй беришидан олдинги икки-уч кун давомида синглисини аллергия белгилари безовта қилганини айтди», дейди директор ўринбосари.
Мактаб ҳамшираси эса дарс вақтида СЭХга чақирилгани сабаб, сайт мухбири билан учраша олмаслигини маълум қилди.
Сайт мухбири 17 сентябрь куни телефон орқали Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Абулқосим Абдусатторов билан боғланган эди.
Воқеа ҳақида ёзма маълумот тақдим этишни ваъда қилган А.Абдусатторов бугун, 18 сентябрь куни пахта даласида бўлгани сабабли, вилоят прокуратурасига мурожаат қилишни сўради.
Вилоят прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўразалиеванинг жавоблари ҳам вазиятга ойдинлик киритмади.
Прокуратура вакилининг таъкидлашича, ҳозирги вақтга қадар фақатгина шу ишга масъул бўлган терговчининг суд-тиббий экспертизасини ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган бўлиб, айни вақтда экспертларнинг якуний хулосаси олинмаган.
«Мазкур иш юзасидан экспертиза хулосасини олмасдан туриб, якуний хулосани бериб бўлмайди», дейди у.
Kun.uz мазкур ҳодисанинг терговга қадар олиб борилаётган суриштирув жараёнларини ҳам кузатиб боради.
Фаррух Абдуҳамидов