Сув қувурларидаги йўқотишлар даражаси 50 фоизгача етмоқда. Президент ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш ишларини танқид қилди
Коммунал соҳадаги лойиҳалар ва тарифлар маҳаллий кенгашлар билан келишилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Коммунал тармоқларнинг барқарор фаолияти аҳоли турмуш сифатини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан. Шу боис давлатимиз томонидан бу масалага доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йил 17 июль куни ўтган видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммолар муҳокама қилиниб, ишни янгича тартибда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.
Шунга мувофиқ, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимидаги лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш, шунингдек, тарифларни белгилашни маҳаллий кенгашлар билан келишиш тартиби жорий қилинмоқда.
Мисол учун, Олмалиқдаги ичимлик суви таъминоти корхонасига қарашли 52та насос янгиланиши натижасида корхонанинг умумий харажати 22 фоизга, электр энергияси сарфи 2 бараварга қисқарган. Шаҳар аҳолиси сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминланмоқда. Худди шунингдек, сўнгги 3 йилда амалга оширилган лойиҳалар натижасида Гулистон шаҳрининг ичимлик суви таъминоти масаласи ҳам тўла ҳал бўлди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ушбу тажриба асосида келгуси йил учун мўлжалланган 28та янги лойиҳани маҳаллий кенгашлар билан келишиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, жорий йилда якунига етказиладиган 360та лойиҳани қабул қилиб олиш бўйича топшириқ берилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 2 мингта аҳоли пунктига марказлашган сув етказиб бериш техник жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис бундай ҳудудларни хусусий сектор орқали сув билан таъминлаш маъқул келмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон туманида ижтимоий шериклик асосида қудуқ ишга туширилиб, 6та узоқ қишлоқдаги 11 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланган эди. Бунга кетган харажатлар 2 йилда ўзини қоплади. Шунингдек, Амударё туманида 8та сув тозалаш шохобчаси қурилиб, 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 7та маҳалла тоза ичимлик суви билан таъминланган. Лойиҳа 3 йилда ўзини оқлайди.
Бу тизимнинг қулайлиги шундаки, ичимлик суви объектлари қуриш ва ускуналар харид қилиш учун хусусий секторга кредит берилиб, унинг 14 фоизидан юқори қисмига давлат томонидан субсидия ажратилади. Бугунги кунда кўплаб тадбиркорлар шундай лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирмоқда.
Йиғилишда мамлакат бўйлаб 27та туманда ичимлик суви билан таъминлаш ишлари танқид қилинди. Мавжуд 70 минг километр сув қувурларининг 32 фоизи эскирган. Оқибатда улардаги йўқотишлар даражаси 40-50 фоизни ташкил этмоқда. Бу йилига қарийб 500 миллион куб метр сув ёки ўртача 300 миллиард сўм дегани. Бундан ташқари, жойлардаги насос ускуналари ва махсус техникалар ҳам таъмирталаб бўлиб қолган.
Шу боис келгуси йилдан инвестиция дастурларида соҳага ажратилаётган маблағнинг 10 фоизини сув объектларига энергия тежовчи ускуналар ўрнатиш ҳамда махсус техникалар харид қилиш учун йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
12:32 / 08.09.2024
“Ўзсувтаъминот” муҳим эслатма билан чиқди
22:38 / 07.09.2024
Сувсиз Ўзбекистон. Эски мавзунинг янги тафсилотлари
18:20 / 24.08.2024
Тошкент вилоятида ичимлик сувидан ноқнуний фойдаланган корхона раҳбари 5 йилга қамалди
18:44 / 05.08.2024