Ўзбекистон | 13:33 / 18.09.2020
9850
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида трактор ва юк машинаси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида икки киши вафот этди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 17 сентябрь куни соат 20:30да ҳайдовчи, 35 ёшли Х.Т. Hyundai porter русумли автомашинани бошқариб, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган М-39 “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш” автомобиль йўлининг 153-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у Ангрен шаҳри йўналишидан Тошкент шаҳри йўналишига қараб ҳаракатланиб бориб, ўзи билан бир йўналишда чапга қайрилиш учун (рухсат этилган жойда) тўхтаб турган ҳайдовчи 49 ёшли Б.У.нинг бошқарувидаги “Т-28” русумли тракторнинг тиркамасига келиб урилган.

Натижада, Hyundai porter автомашинасининг йўловчилари, яъни ҳайдовчи Х.Т.нинг турмуш ўртоғи, 32 ёшли С.Т. (аёл) тан жароҳатлари олиб ҳодиса жойида ҳамда вояга етмаган 5 ойлик қизи Б.Б. Оҳангарон туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига олиб келинган вақтда вафот этган. Бундан ташқари, Х.Т. ва унинг ўғиллари, 12 ёшли Б.Б., 10 ёшли У.Б. ва 7 ёшли Х.Б. турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасига ётқизилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда жиноят иши вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид