Ўзбекистон | 08:39 / 18.09.2020
11771
14 дақиқада ўқилади

Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун иқтисодий жазоларни қўллаш тартиби очиқланди

Ёқилғи-энергетика ресурсларини иқтисод қилиш, замонавий технология ва қурилмалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда ёқилғи-энергетика ресурсларини хўжасизларча сарфланишининг олдини олиш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқтисод қилишни такомиллаштириш ва улардан фойдаланишда қоидабузарликлар учун иқтисодий жазоларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун иқтисодий жазоларни қўллаш тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқланади.

Қайд этилишича:

ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун иқтисодий жазоларни қўллаш Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси томонидан амалга оширилади;

ундирилган иқтисодий жазолар суммаси тўлиқ ҳажмда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармасига солиққа тортилмаган ҳолда туширилади.

Нефть, газ конденсати, табиий газ, нефт маҳсулотлари, суюлтирилган углеводород гази, сиқилган табиий газни етказиб бериш ва фойдаланишда қуйидагилар қоидабузарлик ҳисобланади:

а) қуйидаги ҳоллар корхона ва ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларига қарашли нефть, газ конденсати, нефть маҳсулотлари ва газни ноқонуний ўзлаштириб олиш ва хўжасизларча сарфлаш, уларни нефть омборларидан ва транспорт воситаларидан ноқонуний сотишга тенглаштирилади:

- қалбаки ҳужжатлар ва товарсиз операциялар расмийлаштириш ҳамда етказиб берувчи ва қабул қилувчи ўртасида ўзаро тил бириктириш орқали нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ўзлаштириш;

- ўлчов маълумотлари (қуйиш баландлиги, ҳажм, зичлик, температура, босим ва бошқа кўрсаткичлар) ҳамда нефть, газ конденсати, нефть маҳсулотлари ва газнинг русумларини бузиш йўли билан етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчилар томонидан темир йўл, автомобил цистерналари ва истеъмолчилар тараларига нефть маҳсулотлари ва газни тўлиқ қуймаслик;

- ёқилғи ва мой тарқатиш колонкалари орқали нефть маҳсулотлари ва газни тўлиқ қуймаслик ва уларни ностандарт ёки яроқсиз (синовдан ўтказилмаган) идишда тарқатиш;

- нефть, нефть маҳсулотлари ва газни хўжасизларча (самарасиз) сарфланиши;       

- ёқилғи истеъмол қилувчи техникаларнинг юк кўтариш қобилиятидан, масофадан, қувватидан, тиркамадан тўлиқ фойдаланмаслик ҳисобига, юк ташиш юксиз ҳаракатланиш (ҳаракат қатновининг икки йўналишида ҳам юксиз ҳаракатланганда) ва махсус автомобилларда мансабдор шахсларни ташиш, шунингдек, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган масофа, белгиланган масофадан ортиқча сарф, двигателларни узоқ муддат беҳуда ишлатиш билан боғлиқ нооқилона ёки самарасиз фойдаланишлар;

- тегишли автотранспорт воситалари, механизмлар ва бошқа нефть, нефть маҳсулотлари ва газни истеъмол қилувчи техникалардан ғараз мақсадларда фойдаланиш;

- корхона ва ташкилотларга қарашли нефть омборлари, АЁҚШ, АГТШ, ГНС, ГНП, АГТКШларидан (тарқатиш варақалари орқали) ҳамда давлат транспорт воситаларининг бакларидан ёнилғи – мойлаш материаллари, суюлтирилган угдеводород гази ва сиқилган табиий газни бошқа ташкилот ва жисмоний шахсларга сотиш;

- истеъмолчилар томонидан амалдаги қоида ва меъёрий ҳужжатлар талабларини бузган ҳолда тўғридан-тўғри шартнома, лимитлар, квоталар ёки режа асосида тарқатилган нефть, нефть маҳсулотлари ва газни бошқа ташкилотларга тарқатиш ва алмашиш;

б) нефть, нефть маҳсулотлари ва газни номувофиқ мақсадда ишлатиш, қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган меъёрлардан ортиқча сарфлашга тенг жумладан:

- амалдаги ўрнатилган стандартлар асосида белгиланган рўйхатни бузган ҳолда нефть маҳсулотларидан фойдаланиш хусусан дизел ёқилғисини маъмурий, ишлаб чиқариш ва коммунал маиший биноларда иситиш учун, новвойхона, ҳаммом, иссиқхона ҳамда бошқалар объектларда кўмир, газ, мазут ва қозон-печ ёқилғиси ўрнига фойдаланиш;

- автомототранспорт ишида, йўл қурилиш механизмларида ва бошқа ёқилғи истеъмол қиладиган маҳсулот, товарлар ишлаб чиқарилиши ҳамда хизмат кўрсатишга йўналтирилган техникаларда нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ўрнатилган (тасдиқланган) меъёрдан ортиқча сарфлаш;

в) нефть, нефть маҳсулотлари ва газни технологик йўқотишлар ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун табиий камайиш ёки қўшиб ёзилган иш ҳажми ҳисобига асоссиз ҳисобдан чиқариш ҳолларида:

- тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштирмаган ҳолда ва (ёки) қалбаки ҳужжатлар орқали нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ҳисобдан чиқариш;

- нефть, нефть маҳсулотлари ва газни омборхона ҳисоб операцияларида қурилманинг носозлиги, ташишда, тўкиш (қуйиб олиш)да, сақлашда ва тарқатишда ишларни нотўғри ташкиллаштирилганлиги туфайли табиий йўқотишларни меъёрдан ортиқча ҳисобдан чиқариш ёки нотўғри ҳисоблаш;

- ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда ёқилғи истеъмол қилувчи техниканинг амалда бажармаган (қўшиб ёзилган) иш ҳажмлари учун нефт, нефть маҳсулотлари ва газни ҳисобдан чиқариш, шунингдек бажарилган ишлар ҳажмини тўлиқ асосламасдан (етарли маълумотлар асосида) ҳамда бирламчи ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштирмасдан ҳисобдан чиқариш;

г) етказиб берувчи ҳамда сотувчи ташкилотлар ва корхоналар томонидан, шунингдек, нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари томонидан нефть, нефть маҳсулотлари ва газни сифати бузилганда ҳамда нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ташиш қоидаларига риоя қилмаслик, хусусан:

- турли маркадаги нефть маҳсулотларини аралаштириш йўли билан сифатни қасддан бузиш ҳамда лицензия ва унинг битимларига риоя қилмаган ҳолда фаолият кўрсатиш;

- резервуарлар, технологик қувур линиялари, транспорт воситаларини тайёрлаш (тозалаш) бўйича стандартлар талабларига жавоб бермаслик натижасида нефть маҳсулотларининг сифатини бузиш;

- сифат паспортисиз келиб тушган конденсатланмаган нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қабул қилиш ҳамда уларни сақлаш ва сотиш;

- қабул қилинаётган маҳсулот сифатини текширмасдан қабул қилиш, сифатсиз маҳсулотларни қасддан қабул қилиш, (АЁҚШ бундан мустасно);

- нефть базалар, умумий фойдаланишдаги ГТШ, ГТП, АЁҚШ, АГТШлар ва нефть омборларидан паст сифатли нефть, нефть маҳсулотлари ва газни сотиш;

- нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ташишда сифатни бузиш, ташиш қоидаларига риоя этилмаслик, автоцистерналарни тамғасиз ва нефть маҳсулотлари сифат паспортларисиз ташиш;

- нефть, нефть маҳсулотлари ва газни етказиб берувчилардан вагон-цистерналарни тамғасиз ва қабул қилиш тартибларига риоя қилмаган ҳолда қабул қилгани учун яъни нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қабул қилиш ва ташиш билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига хилоф равишда қабул қилиш;

е) нефть, нефть маҳсулотлари ва газни етказиб берувчи ва сотишни амалга оширувчи корхона ва ташкилотларга автоцистерналарни тамғаламасдан ва сифат паспортисиз паст сифатли нефть, нефть маҳсулотлари ва газни етказиш;

ж) сифатни бузилиши ҳисобига камомадни юзага келтириш ҳамда нефть маҳсулотлари ва газни йўқотилишига сабаб бўлган технологик жараёнлар ва режимларни бузиш;

з) истеъмолчиларга сифат сертификатисиз ва бошқа тегишли ҳужжатларсиз нефть маҳсулотлари, суюлтирилган углеводород гази ва сиқилган газни тарқатиш ҳамда тарқатиш технологияларини амалдаги стандартларга мос келмаслиги газни ноқонуний ўзлаштириш ва хўжасизларча сарфлаш;

и) ишлаб чиқариш технологик қурилмалардан тўкиб олинган мойлаш маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарига топширмаслик ёки уни маиший эҳтиёжларга ишлатиш;

к) суюлтирилган ва сиқилган газда ишлашга мослаштирилган транспорт воситалари ва механизмларда бир вақтнинг ўзида автобензин ёки дизел ёнилғисини белгиланган меъёрлардан ортиқ сарфлаш.

Табиий газ етказиб беришда ва фойдаланишдаги қоидабузарликлар қуйидагича:

а) амалдаги табиий газдан фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган қоидабузарликлар;

б) истеъмолчиларни газлаштириш ҳужжатларида ва табиий газни етказиб бериш тўғрисидаги шартномада кўзда тутилмаган қўшимча газдан фойдаланувчи жиҳозларни ўзбошимчалик билан улаш;

в) истеъмолчиларни газлаштириш ва табиий газдан фойдаланиш учун зарур бўлган ҳужжатларини расмийлаштирмасдан ҳамда табиий газни етказиб бериш тўғрисидаги шартнома тузмасдан ўзбошимчалик билан газ тармоқларига уланиши;

г) шартнома тузмасдан истеъмолчиларга газ етказиб бериш ёки етарли таҳлиллар олиб борилмасдан истеъмолчиларга газ таъминоти томонидан асоссиз равишда табиий газ ҳажми (фонд ёки лимит) ортиқча ёхуд кам ажратиш;

д) истеъмолчиларга шартномада кўрсатилган миқдорлардан ортиқча газ етказиб бериш, бунда ортиқча етказиб берилган газ миқдори ҳисобот ойи давомида газ таъминоти (газ транспортировка қилувчи) ташкилотлари билан газ етказиб бериш юзасидан ўзаро тузилган шартнома асосида, белгиланган шаклдаги ҳисобот, белгиланган тартибда ойлик етказиб берилган ва қабул қилинган газ учун ўзаро тузилган далолатнома билан аниқланади;

е) газлаштириш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан газ етказиб бериш шартномасини тузиш ва етказиб бериш;

ж) истеъмолчиларнинг ёқилғидан фойдаланувчи жиҳозлари (қурилмалари)га қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган меъёрлардан ортиқча ва кўзда тутилмаган йўқотишларга йўл қўйиш;

з) “Ўзнефтгазинспекция”нинг тегишли хулосаларисиз истеъмолчиларнинг газдан фойдаланувчи қурилмаларида синов-созлаш ишларини амалга ошириш;

и) газ таъминоти корхоналари томонидан магистрал газ қувурлари ва газ тақсимлаш тармоқлари орқали табиий газни қабул қилиш, ташиш ва етказиб беришда меъёрдан ортиқча йўқотишларга йўл қўйиш;

к) газ таъминоти корхоналари техник шартларисиз қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш;

л) лойиҳалаштиришга техник шартларсиз объектларда қурилиш лойиҳалари асосида бажарилган, реконструкция қилинган ва техник қайта жиҳозланган ёқилғи ишлатувчи жиҳозлар (қурилмалар)да газдан фойдаланиш.

Қуйида келтирилганлар электр ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш ва ундан оқилона ва самарали фойдаланишдаги қоидабузилишлар ҳисобланади:

а) ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва/ёки электр энергияси истеъмолчилари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган қоидабузарликлар;

б) истеъмолчилар томонидан ўз электр қурилмаларини ягона электр энергетикаси тизими электр тармоқларига тегишли шартнома тузмасдан ўзбошимчалик билан уланиб олишлари;

в) корхоналар ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариш зарурияти бўлмаган ҳолда электр ускуналарнинг самарасиз ёки салт ишлаш режим ҳолатида ишлашида, беҳуда ишлатилиши оқибатида энергиянинг тўғридан-тўғри исроф қилиниши, реактив қувват компенсацияси воситаларининг ишлаш режими бузилиши ёки унга риоя қилмаслик;

г) ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган электр энергиясини ҳисобга олиш қилиш Ҳудудий схемасининг бузилиши ёки ўзгартирилиши;

д) электр билан ёритишдан ишлаб чиқариш заруратисиз қонунчиликка мувофиқ белгиланган нормалардан ортиқ фойдаланиш, шунингдек куннинг ёруғ вақтида электр ёритгичлар билан ҳудудни мақсадсиз ёритиб қўйиш;

е) электр энергетикаси корхоналари ва электр энергияси истеъмолчилари электр қурилмаларининг ускуналари ва электр тармоқларининг амалдаги белгиланган Электр қурилмаларнинг техник эксплуатация қилиш қоидалари талабларига жавоб бермайдиган қониқарсиз техник ҳолатида, шунингдек, электр қурилмаларни эксплуатация қилишда ва техник ҳолатидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича “Ўзэнергоинспекция”нинг ёзма кўрсатмаларини мунтазам бажарилмаслик;

ж) истеъмолчи электр қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлиги юзасидан тўғрисида “Ўзэнергоинспекция”нинг хулосаси бўлмай туриб, таъминотчи томонидан электр таъминоти шартномасини тузилиши ва электр энергияси етказиб берилиши;

з) ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан етказиб бериладиган электр энергиясининг норматив ҳужжатларда кўзда тутилган сифат кўрсаткичларининг бузилиши ёмонлашуви.

Қуйида келтирилганлар иссиқлик энергиясини етказиб бериш ва фойдаланишдаги қоидабузарликлар ҳисобланади:

а) иссиқлик таъминоти ташкилотлари ва/ёки иссиқлик энергияси истеъмолчилари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган қоидабузарликлар;

б) истеъмолчилар томонидан иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларини иссиқлик таъминоти корхоналари тармоқларига тегишли шартнома тузмасдан ўзбошимчалик билан уланиб олинишида;

в) буғ конденсатининг шартномада кўрсатилган миқдорида қайтарилмаслиги, норматив ҳужжатларда ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш бўйича шартномасида кўзда тутилган меъёрларга жавоб бермаса;

г) иситиш тармоқларидан сувнинг тўкиб юборилиши, изоляциянинг бузилиши ва иссиқлик-буғ қувурлари, иссиқлик тармоқларидан, саноат корхоналари ва ташкилотларининг иссиқлик ишлатиладиган асбоб-ускуналардан изоляциясиз фойдаланиш;

д) корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда сиқилган ҳаво, сув, буғнинг тўғридан-тўғри исроф қилиниши, шунингдек, конденсатнинг оқизиб юборилиши, иссиқлик тармоқларини сувга бостириб юборилиши;

е) сиқилган ҳаво, сув, буғнинг тўғридан-тўғри исроф қилиниши, буғ конденсатининг оқизиб юборилишига тенглаштирилади, иссиқлик тармоқларини сувга бостирилиши;

ж) иссиқлик энергиясини ҳисоб-китоб қилиш схемасининг бузилиши ёки ўзгартирилиши;

з) иссиқлик ускуналари ва иситиш тармоқларидан техник фойдаланиш қоидаларида назарда тутилган талабларга жавоб бермайдиган иссиқлик ускуналари ва иситиш тармоқларининг қониқарсиз техник ҳолати, “Ўзэнергоинспекция”нинг кўрсатмаларига мунтазам равишда риоя қилмаслик, иссиқликдан фойдаланадиган қурилмалар ва иссиқлик тармоқларининг ишлаши ва техник ҳолатидаги камчиликларни бартараф этиш;

и) истеъмолчи иссиқлик қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлиги тўғрисида “Ўзэнергоинспекция”нинг хулосаси бўлмай туриб, таъминотчи томонидан иссиқлик таъминоти шартномасини тузилиши ва иссиқлик энергияси етказиб берилиши;

к) иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан етказиб бериладиган иссиқлик энергиясининг норматив ҳужжатларда кўзда тутилган сифат кўрсаткичи ёмонлашуви.

Энергия самарадорлиги кўрсаткичлари норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш.

Мавжуд иккиламчи энергия ресурслари ва/ёки қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишнинг белгиланган улушини таъминламаслик.

Сертификатланмаган энергия ускуналари (электр ускуналари ва/ёки иссиқликдан фойдаланувчи ускуналари), тармоқ элементлари ва энергия таъминоти тизимларидан (электр ва/ёки иссиқлик таъминоти) фойдаланиш.

Технологик жараёнларда кўп энергия сарф қиладиган самарасиз энергия ускуналаридан фойдаланиш, ёритиш учун ишлатиладиган чўғланма лампаларни энергия тежайдиган лампаларга алмаштиришни бажармаслик.

Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларининг энергетика текширувлари ва экспертизасини ўтказиш қоидаларини бузиш ҳамда мажбурий энергия текширувлари натижасида тайёрланган энергия аудиторларининг тавсияларини бажармаслик.

Мавзуга оид