Countrymetres маълумотларига кўра, 2020 йилда сайёрада аҳолининг йиллик ўсиш кўрсаткичи 95 миллионни ташкил этади. Таққослаш учун, 2015 йилда бу кўрсаткич 83 млн кишига тенг бўлган. Қайд этиб ўтиш лозимки, ер аҳолиси 3 каррага кўпайган даврда чучук сувдан фойдаланиш ҳажми 17 мартага ортган. Устига-устак, баъзи прогнозларга кўра, 20 йилдан кейин чучук сувга бўлган талаб ҳажми яна 3 каррага ортиши мумкин.
Чучук сув етишмовчилиги муаммоси Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. Сув танқислиги муаммоси бўлган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон 25-ўринни эгаллайди. Мамлакатда сув танқислиги даражаси юқори деб баҳоланади.
2020 йил 16 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сув тежовчи технологияларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинган эди. Унда таъкидланишича, сўнгги 10 йилда Ўзбекистонда сув захиралари 12 фоизга, жорий йилда ўтган йилги билан солиштирганда 15 фоизга камайган.
Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг сувни тежаш масалаларига бағишланган UzWaterAware лойиҳаси сув билан боғлиқ муаммолар фонида Евроиттифоқ молиявий кўмаги асосида мултипликацион видеороликлар сериясини тайёрлади. Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳанинг миллий ҳамкори ҳисобланади.
Лойиҳа ташкилотчиларига кўра, рус ва ўзбек тилларидаги мазкур роликлар таълим муассасаларида онлайн ва офлайн дарслар чоғида сув ресурслари мавзусини тушунтириш учун фойдали контент бўла олади. Роликларни оромгоҳларда болаларга намойиш қилиш ҳам мумкин.
«2019 йил якуни – 2020 йил аввалида UzWaterAware’нинг тадбирлари чоғида намойиш этилган таълимий роликлар нафақат болалар, балки катталар учун ҳам бирдек қизиқарли эканига гувоҳ бўлдик. Вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган тренинглар, экодарслар, сувни тежаш бўйича экомарафонлар чоғида видеороликлар турли аудиторияларга, жумладан, журналистлар, фермерлар, халқаро, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакилларига намойиш этилди», – дейди МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори ва лойиҳа менежери Шаҳноза Умарова.

















