Ўзбекистон | 09:20 / 20.09.2020
52151
7 дақиқада ўқилади

Бу қарор фуқароларимиз хоҳиш-истаги билан қабул қилинди – Азиз Абдуҳакимов чегаралар очилиши ҳақида

Республика махсус комиссияси қарори билан 1 октябрдан Ўзбекистонга авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга тақиқ бекор қилинди ва хориж давлатларидан Ўзбекистонга киришнинг янги тартиби эълон қилинди. Kun.uz мухбири янги ўзгаришлар бўйича махсус комиссия аъзоси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан суҳбат уюштирди.

Бу қарорлар нима мақсадда қабул қилинди? Биргина халқаро туризмни тиклаш учунми?

Маълумки, мамлакатимизда август ойидан бошлаб босқичма-босқич карантин чекловларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Карантин чекловларини юмшатиш бўйича навбатдаги қарорда халқаро қатновларнинг тикланиши белгиланмоқда.

Бу қарор мамлакатимиздаги санитария-эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аввало, фуқаролар учун қулайлик, енгиллик яратишга қаратилган. Чунки, карантин чекловлари жорий қилинганидан буён махсус комиссияга бошқа давлатларга чиқиш ҳамда Ўзбекистонга қайтиб кириш масаласи бўйича жуда кўплаб мурожаатлар бўлди. Ушбу чеклов кўпчиликнинг оила бағрига қайтиш имкониятини чеклаб қўйди. Шу муносабат билан кўп сонли фуқароларимизнинг хоҳиш-истагини инобатга олиб ушбу қарор қабул қилинди. Эндиликда фуқароларимиз иш, ўқиш, даволаниш, оилавий ёки бошқа мақсадларда мамлакатимиздан чиқиши ва яна эркин қайтиб кириб келиши мумкин бўлади.

Қолаверса, ушбу қарор ҳозирги туризм учун оғир синов бўлган пандемия даврида туризмни, ушбу фаолият билан шуғулланувчи туристик ташкилотларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам зарур шарт-шароит яратишини ҳам инобатга олишимиз зарур.

Шунингдек, ҳозирги вақтда дунёнинг бир қатор давлатлари халқаро авиақатновларни тикламоқда. Масалан, Россия 21 сентябрдан Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусь, 27 сентябрдан Жанубий Корея билан парвозларни тикламоқда. Қозоғистон эса БАА, Германия, Хитой, Беларусь, Украина, Миср, Туркия, Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар билан қатновларни тиклаган.

Шу билан бирга, мамлакатимизда халқаро қатновларнинг тикланиши муносабати билан кириб келаётган шахсларнинг санитария-карантин чекловларига риоя этиш бўйича мажбуриятлари ҳам аниқ белгиланмоқда. Хусусан, давлат чегараларидан ўтиш пунктларида, халқаро аэропорт ҳамда вокзалларда мамлакатимизга «сариқ» ва «қизил» давлатлардан кириб келаётган шахсларни коронавирус инфекциясига экспресс-тест ёки ПЗР тест ёхуд антиген текширувларидан ўтказиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Чегаралар очиқ бўлиши қанча вақтга мўлжалланган? Соғлиқни сақлаш тизими чегаралар очилгач хориждан келувчилар оқимига, демакки, эҳтимолий беморлар сони ҳам кескин ошишига тайёрми?

— Чегаралар очиқ бўлиши муддати мамлакатимиздаги ва халқаро ҳамжамиятдаги эпидемиологик вазият билан чамбарчас боғлиқ. Ҳозирча, чегараларни ёпиш бўйича чора-тадбирлар режалаштирилмаган. Бироқ, агарда хорижий давлатларда ёки Ўзбекистонда эпидемиологик вазият мураккаблаша бошласа, чегаралар қайта ёпилиши мумкинлигини ҳам истисно этиб бўлмайди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва эпидемиянинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари доирасида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятларида қўшимча равишда 8 мингга яқин махсус шифо ўринлари ташкил этилган. Ҳар бир ҳудудда мавжуд шифо ўринларига қўшимча равишда 500дан 1000тагача ўрин тайёрланган. Ўринларда кислород таъминоти ва тиббий ускуналар мавжуд. Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан захира ўринлар ва дори-дармонлар тайёрлаш жараёни давом этмоқда.

Туристларга тестнинг манфий натижаси эвазига 14 кунлик карантинни ўтамасликка рухсат берилган. Хориждан келувчи Ўзбекистон фуқаролари эса, 14 кун карантинда ўтиришга мажбур. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Ушбу тартибни жорий этиш орқали туристларга енгиллик беришда асосий масъулият туристик фирмалар зиммасига юкланмоқда. Биринчидан, туристик фирмалар туризм саёҳатларини амалга оширишдан аввал туристлар ПЗР тест текширувидан ўтказилишини таъминлайди ҳамда фақатгина ПЗР тест текшируви натижаси манфий бўлган хорижий фуқароларгагина туристик пакетни реализация қилади. Бунда барча жараён туристик фирманинг назорати остида бўлади ҳамда Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини юқтирмаган шахслар ташриф буюриши таъминланади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасига кириш вақтида коронавирус инфекциясининг аломатлари (йўтал, иситма ва б.қ.) мавжуд бўлганда турист ўтказиш пункти (аэропорт, вокзал ёки бошқа) ҳудудида ўз ҳисобидан коронавирус инфекциясига экспресс-тест ёки ПЗР тест ёхуд антиген текширувидан ўтиш учун намуна топширади, бунда тест натижалари мусбат чиқадиган бўлса ўз ҳисобидан карантинга олиниб даволанишдан ўтади ёхуд ўз мамлакатига қайтади.

Учинчидан, туристларнинг мамлакатимиз ҳудудида бўлиши, ҳаракатланиши ҳам туристик фирма томонидан ташкиллаштирилади. Яъни, мазкур енгиллик фақатгина туристик гуруҳларга (5 кишидан кам ва 15 кишидан ортиқ бўлмаган ва турли касалликлар, жумладан, Covid-19 қамраб оладиган тўлиқ суғуртаси бўлган) татбиқ этилади. Улар Ўзбекистонга кириб келганидан сўнг, уларнинг дам олиши, тарихий ва маданий объектларга ташриф буюриши ва бошқа ҳаракатларини туристик фирмалар карантин чекловлари ва санитария талабларига риоя этган ҳолда ташкиллаштирадилар.

Ўзбекистон билан умумий чегарага эга бўлган Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистондан келувчилар ҳам 14 кунлик карантинга юборилади. Қирғизистон қандай асосга кўра истисно қилинган?

— Қирғизистон ушбу рўйхатдан истисно қилинмаган, балки Махсус комиссиянинг олдинги қарори билан Қирғизистон билан чегаралар очилган эди. Қирғизистонга кириш ва чиқиш ҳам белгиланган карантин чекловлари ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этган ҳолда эркин амалга оширилади.

Комиссия қарорида келтирилган «яшил», «сариқ» ва «қизил» давлатлар рўйхати янгилаб бориладими?

— «Яшил «сариқ» ва «қизил» давлатлар рўйхати доимий равишда мониторинг қилиб борилади ҳамда хорижий давлатлардаги санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, мазкур рўйхат доимий равишда янгилаб борилади. Бунда рўйхатдаги ҳар бир ўзгариш ҳақида кенг жамоатчилик оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали хабардор қилинади.

Ҳозирда Хитой, Таиланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Финляндия, Латвия, Австрия ва Япония «яшил» давлатлар ҳисобланиб, сўнгги 14 кун давомида бу давлатларда бўлиб турган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тўғридан тўғри киритилади. Озарбойжон, Беларусь, БАА ва Европа Иттифоқи давлатлари (Буюк Британия ва Испания бундан мустасно) «сариқ» давлатлар ҳисобланади, дунёнинг қолган барча давлатлари «қизил» давлатлар рўйхатига киритилган, бундай ҳудудлардан кириб келаётган шахслар – сўнгги 72 соат давомидаги коронавирус инфекциясига ПЗР тест текширувининг манфий натижалари тўғрисида маълумотнома тақдим этган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Чекловларни юмшатиш яна давом эттириладими? Кейинги қадамлар қандай бўлиши мумкин?

Карантин чекловларини юмшатиш ёки аксинча қайсидир чекловларни қайта тиклаш бу мамлакатдаги ёки муайян ҳудуддаги санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади.

Сўнгги икки ой ичида Махсус комиссиянинг қарори билан жорий этилган ҳаракатланиш, тадбиркорлик фаолияти, Ўзбекистонга кириш-чиқиш билан боғлиқ бўлган ва бошқа карантин чекловлари деярли тўлиқ бекор қилинди. Карантин чекловларини янада юмшатиш масаласи бўйича ҳар қандай қарор санитария-эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Мавзуга оид