Жаҳон | 03:06 / 20.09.2020
25597
2 дақиқада ўқилади

Россиялик ёлланма жангчилар қайси мамлакатларда бўлганлиги маълум қилинди

АҚШ стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) Россия хусусий ҳарбий компанияларининг 2014 йилдан буён дунё бўйлаб фаолияти хронологиясини эълон қилди. 

Фото: Reuters

CSIS сайтида берилган харитага кўра, 2014 йилда россиялик ёлланма ҳарбийлар Украина, Сенегал, Конго Демократик Республикаси ва Шри-Ланкада пайдо бўлган. Улар 2015 йилдан Эсватини, Ливия ва Сурияда, 2016 йилдан буён эса Озарбойжон, Сербия ва Индонезияда бўлиб туришибди.

Марказнинг маълумот беришича, Россия хусусий ҳарбий компаниялари жангчилари фаолияти 2017 йилдан Тожикистон, Ироқ, Миср, Судан, Жанубий Судан, Чад ва Венесуэлада йўлга қўйилган. Ёлланма аскарлар 2018 йилда Афғонистон, Яман, Жанубий Африка, Ботсвана, Марказий Африка Республикаси, Зимбабве, Бурунди, Мозамбик, Гвинея-Бисау, Мадагаскар ва Комор оролларига келишган.

Уларнинг хизматига 2019 йилда Мали, Нигерия ва Конго Республикаси, 2020 йилда эса Экваториал Гвинеяда мурожаат қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 29 июлда Беларусь ҳукумати мамлакат ҳудудида “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг 33 нафар аъзоси қўлга олингани ҳақида хабар берганди.  14 август куни улар Россияга топширилди, бир нафар ёлланма жангчи эса Беларусь фуқароси бўлгани учун мамлакатда қолди.

Мавзуга оид