Жаҳон | 14:29 / 22.09.2020
7983
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон: «Толибон» билан музокаралар вақтидаги тўқнашувларда 57 нафар ҳарбий ҳалок бўлди

21 сентябрь куни Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати вакиллари Қатар пойтахти Доҳада тинчлик музокараларини бошлаганидан бери энг қонли тўқнашувлар содир бўлди. Афғонистон бўйлаб «Толибон» жангарилари билан бўлиб ўтган тўқнашув натижасида Афғонистон хавфсизлик кучларининг камида 57 нафар ходими ҳалок бўлди ва ўнлаб кишилар яраланди.

Mohammad Ismail/Reuters

«20 сентябрь куни кечқурун тўқнашувлар марказий Урузгон вилоятида бўлиб ўтди. У ерда «Толибон» жангарилари хавфсизлик пунктларига ҳужум қилишлари натижасида Афғонистон хавфсизлик кучларининг 24 аъзоси ўлдирилди», деб хабар берди вилоят губернатори ўринбосари Сайид Муҳаммад Садод.

Reuters агентлиги хабар қилишича, Боғлон, Тахар, Ҳилманд, Каписа, Балх, Майдон Вардак ва Қундуз вилоятларида ҳам қурбонларга сабаб бўлган тўқнашувлар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган.

Балх вилояти ҳокими матбуот котиби Монир Аҳмад Фарҳоднинг сўзларига кўра, «Толибон» Балхда Афғонистон разведка хизматининг уч аъзосини гаровга олган.

«Толибон» ўз томонидаги йўқотишларни тасдиқламади, аммо Помир ҳарбий корпуси вакилининг сўзларига кўра, Қундуз, Тахар ва Бағлон вилоятларидаги тўқнашувларда 54 жангари ўлдирилган.

Майдан Вардак вилояти ҳукумати вакили Муҳибуллоҳ Шарифзойнинг айтишича, у ердаги тўқнашувларда «Толибон»нинг 26 нафар аъзоси ўлдирилган.

Ички ишлар вазирлиги вакили Тариқ Арианнинг айтишича, сўнгги икки ҳафта ичида «Толибон» ҳужумлари натижасида 98 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 230 киши жароҳат олган.

Шанба куни «Толибон»нинг Қундуздаги базасига авиаҳужумлар пайтида камида тинч аҳоли вакилларидан камида 12 нафари ҳалок бўлган.

Мудофаа вазирлиги расмийларининг айтишича, «Толибон»нинг 40 нафар жангчиси ўлдирилган, аммо улар тинч фуқаролар орасидаги қурбонлар сонини тасдиқламаган.

Толиблар ва Афғонистон ҳукумати вакиллари Қатар пойтахти Доҳада 12 сентябрь музокаралар бошлаганди, аммо ҳозиргача катта ютуқларга эришилмади, хусусан, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузилмади.

Мавзуга оид