АҚШ президентлик сайловлари: баҳслар, иддаолар ва жавобсиз қолаётган саволлар
АҚШ президенти Дональд Трамп йил бошида жуда юқори кайфиятда 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига тайёргарлик кўраётган эди.
Зотан, Республикачилар партиясидаги мустаҳкам позицияси, импичмент жараёнидан эсон-омон ўтиб олгани, Демократик партиянинг президентликка номзод кўрсатишда қийинчиликка дуч келгани ва АҚШ иқтисодиётининг муваффақиятли кўрсаткичлари каби бир қатор омиллар бунга имкон бераётганди. Аммо бутун дунёни қамраб олган Covid-19 эпидемияси кутилмаганда Трампнинг сайловга оид режаларини остин-устун қилиб юборди. Бу жараёнда эса ҳатто демократларнинг бир қисми томонидан ҳам қабул қилинмаган Жо Байденнинг сайловолди умидлари ортди.
Бир неча ой давом этган ва кўплаб шаҳарларни ишғол қилган намойишлар мавҳумликни янада кучайтирди. Америка жамияти ҳар қачонгидан кўра кескин равишда қутблашди. Сайлов пойгаси натижаларини тахмин қилиш анча қийинлашди. Буларнинг барчасига қўшимча равишда, почта орқали овоз бериш каби омиллар туфайли сайлов натижаларининг узоқ вақтгача аниқ бўлмаслик эҳтимоли юзага келди.
Эндиликда сайлов натижалари рақобатчи партиялар томонидан эътирозсиз қабул қилинишига ҳам ҳеч ким амин эмас. Дональд Трамп ҳозирданоқ сайлов натижаларини тан олмаслиги мумкинлигига ишора қилмоқда.
Шундай қилиб, АҚШ инқирозга етаклаши мумкин бўлган сайлов сари йўл олмоқда.
Демократик партияда мафкуравий ажралиш давом этмоқда
Президентлик сайловига икки ой муддат қолган бир вазиятда собиқ вице-президент, Демократик партиядан номзод Жо Байден асосий баҳсли штатларда ҳам Трампдан олдинда бормоқда. Гарчи сўровномалар аввалги сайловда ҳам Ҳиллари Клинтоннинг олдинда борганини кўрсатгани, якунда эса у Трампга мағлуб бўлгани сўровномаларнинг ишончлилигини шубҳа остига қўяётган бўлса-да, эътироф этиш лозимки, Жо Байден йил бошидан бери анча олға илгарилади.
Шунга қарамай, Демократик партияда шу пайтгача ўтказилган баҳсларда мўътадиллар ва тараққийпарварлар ўртасидаги мафкуравий ажралиш давом этмоқда. Бу номзодларни танлаш жараёнида ҳам яққол кўзга ташланди. Тараққийпарварлар мўътадилларни етарлича катта ваъдалар бермасликда, мўътадиллар эса уларни бажара олмайдиган ваъдалар беришда айбламоқда. Иккала гуруҳнинг ёндашуви ҳам, аслида, демократлар учун хавф туғдиради.
Биринчи хавф ўта сўлчи илғор ғояларни илгари суриш орқали Америка халқининг аксарият қисмини ташкил этадиган мўътадил одамларни жалб қила олмасликдир. Иккинчи хавф эса етарлича илғор бўлмаган стратегияни танлаш натижасида демократик базани рози қила олмасликдир. Демократик партия раҳбарлари ҳали-бери ушбу хавфлардан қайси бири каттароқ эканини ҳал қила олишмайдиганга ўхшайди.
Масалан, икки сайловдан бери Демократик партиянинг президентликка номзодлик даъвосини сўнгги пайтгача сақлаб қолишга муваффақ бўлган илғор сенатор Берни Сандерс Жо Байденнинг сайлов кампаниясидан хавотирдалигини билдирмоқда. Унинг фикрига кўра, Байден соғлиқни сақлаш ва иқтисодий режалар ҳақида кўпроқ сўз юритиши ва ёш либераллар орасида машҳур бўлган Александрия Окасио-Кортес каби исмлар билан кўпроқ ташвиқот олиб бориши лозим. Агар у доимий равишда ўрта йўлни топишга уринишдан воз кечиб, Демократик партиянинг илғор қанотини ишонтирадиган услубни қабул қилмаса, ёшлар, афроамерикаликлар ва келиб чиқишига кўра Лотин Америкасига мансуб бўлган гуруҳлар томонидан етарлича қўллаб-қувватланмаслиги мумкин.
Байден янада мўътадил стратегияни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда ва партиянинг илғор қаноти унга муттасил босим ўтказмоқда. Масалан, у демократлар кўпчиликни ташкил этадиган Вакиллар Палатасида марихуанадан федерал даражада фойдаланишни қонунийлаштириш учун овоз бермоқчи. Аммо мўътадиллар сайлов олдидан ташланадиган бундай қадам Байденнинг сайланиш имкониятига таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда.
Трамп муаммолар билан курашмоқда
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ҳаммаси яхши кетаётгандай эди. Аммо кутилмаганда пайдо бўлган Covid-19 эпидемиясининг ҳалокатли таъсири Дональд Трампни қийин аҳволга солиб қўйди. Эпидемия сабабли миллионлаб америкаликлар ишсиз қолди. Тахминан 200 минг киши вафот этди. Эпидемияга қарши курашда юзага келган жиддий муваффақиятсизлик давлат ва хусусий сектор имкониятларига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Жорж Флойднинг полиция томонидан ўлдирилиши билан бошланган ва бир неча ой давом этган намойишларда тўғридан тўғри тинч аҳолини ва ҳаттоки матбуот вакилларини нишонга олган полиция давлат қанчалар шафқатсиз бўлиб қолганини кўрсатиб қўйди. Намойишлар вақтида содир бўлган талон-торожликлар ва ўғриликлар эса ижтимоий таназзулнинг кўламини намойиш этди. Ақл-идрок билан баёнот бериш ўрнига сиёсатчиларнинг бир-бири билан тортишиши ижтимоий консенсус илдизига болта урди. Азалий ва эътибор бермай келинаётган тенгсизликлар яна кун тартибига чиқди. Мамлакатда бостирилган ва бегона тутилган муаммоларни йўқ деб ҳисоблаш имконсиз бўлиб қолди. Федерал ҳукумат ва штатлар ўртасидаги келишмовчиликлар бутун бир тизимни ишдан чиқара бошлади. Трампнинг «Армия маъмурияти мени ёқтирмайди, аммо аскарлар яхши кўришади. Пентагондагилар бомба, самолёт ва бошқа нарсаларни ишлаб чиқарувчи компанияларни хурсанд қилиш учун урушдан бошқа ҳеч нарса қилишни исташмайди» деган гаплари ҳам идоралараро номувофиқлик қай даражага келиб қолганини кўрсатади.
Сайлов жараёни қизғин паллага кириб борар экан, Дональд Трамп фойдасига ёзилиши мумкин бўлган баъзи ўзгаришлар ҳам юз берди. Масалан, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасидаги нормаллашув жараёнида тутган роли учун Трамп ўта ўнг норвегиялик сиёсатчи Тибринг-Гжедде томонидан Нобел мукофотига номзод сифатида кўрсатилди. «Мен Трампнинг тарафдори эмасман. Сўнгги йилларда Тинчлик мукофотини олганлар Дональд Трампга қараганда анча кам иш қилишди», деди у.
Худди шундай, Швеция парламенти аъзоси Магнус Якобссон ҳам Косово ва Сербия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ва савдо музокараларига қўшган ҳиссаси учун уни номзод этиб кўрсатди.
Сайлов жараёнидаги инқироз
Covid-19 эпидемияси туфайли тўғридан тўғри овоз бера олмайдиган одамларнинг почта орқали овоз бериш амалиёти сайлов натижаларининг муҳокамаларга сабаб бўлиш эҳтимолини туғдирмоқда.
Ўтмишдагига қараганда анча юқори миқдордаги почта орқали юбориладиган овозларни ҳисоблаш жуда узоқ вақт талаб этиши тахмин қилинмоқда. «Биз ва бошқа оммавий ахборот воситалари бошлаши керак бўлган нарса – барча овозлар ҳисобланганига амин бўлиш учун қўшимча кунлар ёки ҳафталар керак бўладиган ушбу сайловнинг ноқонуний бўлмаганига Америка халқини ишонишга тайёрлашдир», деди Facebook раҳбари Марк Цукерберг.
Дональд Трамп эса аллақачон сайлов натижаларини тан олмаслиги мумкинлиги ҳақида сўз очмоқда. «Менимча, почта орқали овоз бериш сайловга нисбатан шубҳа туғдиради», деди у.
Сайлов натижаларини тан олиш-олмаслиги хусусида берилган саволга жавобан эса у натижани кўриши кераклиги, ҳозир бу саволга жавоб бера олмаслигини айтди.
Трамп почта бюллетенлари энг катта ҳийла-найрангга сабаб бўлишини даъво қилмоқда. «Мен сайловни ўтказишни истайман. Аммо уч ой кутишни, кейин эса сайлов бюллетенлари етишмаётгани ва бу сайлов ҳеч нарсани ифода этмаганини эшитишни истамайман. Аммо шундай бўлади», дейди у.
Трамп сайловолди ташвиқотининг коммуникациялар бўйича директори Тим Мерто ҳам почта орқали овоз беришни демократларнинг сайловлар шаффофлигига путур етказишга қаратилган усулларидан бири деб таърифламоқда.
Демократлар сайлов кунидан олдин почтага топширилган сайлов бюллетенлари сайлов кенгашига сайлов кунидан кейин етиб келган тақдирда ҳам ҳисобга ўтиши учун турли штатларда кураш олиб боришмоқда. Республикачилар эса сайлов бюллетени ҳақиқий деб ҳисобланиши учун у сайлов кунигача белгиланган манзилга етиб келиши шартлигини айтмоқда.
Шунингдек, демократлар ва республикачилар почта орқали овоз берадиганларга қанча вақт ажратилиши кераклиги борасида ҳам келиша олишмаяпти. Айни пайтда ўз овози ҳақиқий саналиши учун бир неча ҳафта олдин сайлов бюллетенини юборган шахс сайлов кунига қадар ўз қарорини ўзгартириши мумкинлиги ҳам эслатиб ўтилмоқда. Бундан ташқари, ташқи кучларнинг сохта бюллетенларни тайёрлаб, сайловларга почта орқали аралашиши мумкинлиги ҳам таъкидланмоқда. Сайлов бюллетенларини фақат талаб қилганларга юбориш керакми ёки барча сайловчиларнинг манзилларига жўнатилиши лозимми деган масала ҳам ҳамон муҳокама қилинмоқда. Агар рўйхатдаги ҳар бир исмга автоматик равишда юборилган бўлса, сайлов бюллетенлари вафот этган одамларга ҳам жўнатилиши мумкин. Баъзи штатларда сайлов бюллетенларини кўчалардаги назоратсиз почта қутиларига ташлаб кетилиши амалиётни қийинлаштиради ва ишончни сусайтиради, деб даъво қилинмоқда.
Ҳатто мана шундай фундаментал масалаларда ҳам келишмовчиликлар мавжудлиги сайлов натижаларини ҳисоблаш жараёнининг тартибсизликка айланиб кетиш эҳтимолини орттирмоқда. Шу маънода, икки номзоднинг ғолиблигини эълон қилиш, бир томоннинг натижасини тан олмаслик, такроран сайлов ўтказилишини талаб қилиш ва тартибсизликлар авж олиши каби сценарийлар тахмин қилинмоқда. Сайловга жуда оз вақт қолганига қарамай, жараёнга оид мана шундай кўплаб ноаниқликлар мавжудлиги АҚШнинг 46-президенти ким бўлишини билиш учун сайловдан кейин ҳам анча кутиш кераклигига ишора қилмоқда.
Мавзуга оид
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
09:02 / 20.11.2024
Қайта сайланмаслик эркинлиги: Байден Киевга қўйилган чекловларни бекор қилмоқда
05:07 / 18.11.2024
Байден Украинага ATACMS ракеталари билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди
12:44 / 17.11.2024