Ўзбекистон | 12:34 / 23.09.2020
4232
5 дақиқада ўқилади

Аҳоли ўртасида оммавий  спортни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб спортнинг 9та тури белгиланади

Ўзбекистонда глобал пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали аҳолида касалликка қарши иммун тизимини шакллантириш, касалликдан кейинги даврда тиклаш ва реабилитация ишларини ташкил этиш ҳамда аҳолининг соғлом турмуш тарзи гарови сифатида тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш мақсад қилинган.

Президентнинг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

“Пандемияни спорт орқали енгамиз!” ғоясини ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикасида 2020-2021 йилларда спорт сиёсатини жадаллаштириш дастури;

Ўзбекистон Республикасида 2021-2025 йилларда аҳолини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланади.

Республикада аҳоли ўртасида оммавий  спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг устувор йўналишлари этиб – спортнинг юриш, югуриш, мини футбол, велоспорт, бадминтон, волейбол, стритбол, фитнес, “Workоut” — маҳалла (кўча) фитнеси турлари белгиланади.

Қуйидаги спорт турларини республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларида оммавийлаштириш ва ривожлантириш бўйича:

юриш ва югуриш – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши (В.Маҳмудов);

мини футбол – Давлат хавфсизлик хизмати (А.Азизов);

велоспорт – Олий Мажлиси Сенати (Т.Норбоева);

бадминтон – Вазирлар Маҳкамаси (А.Абдуҳакимов);

волейбол – Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев);

стритбол – Адлия вазирлиги (Р.Давлетов);

фитнес ва “Workоut” – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Маматов) шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб:

а) йил давомида аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида 4 босқичли (маҳалла, туман (шаҳар), вилоят, республика) юриш ва югуриш, бадминтон, мини футбол, велоспорт, волейбол, стритбол, “Workоut” бўйича "Соғлом оила – янги Ўзбекистон таянчи!" шиори остида спорт мусобақаларини;

б) ҳар йили январь ойида қишки спорт турлари бўйича “Chimgan challenge”, март ойида “Tashkent Marathon” халқаро марафони, апрель ойида миллий ва халқ ўйинлари бўйича “Бойсун баҳори” фестивали, май ойида бадминтон бўйича “Uzbekistan Shuttle”, июнь ойида Халқаро олимпия кунига бағишлаб “Олимпия ойлиги” спорт тадбирлари, август ойида “Save Aral” халқаро веломарафони, сентябрь ойида “Оқтош-Чорвоқ mountains” халқаро вело турнири, октябрь ойида “World Strongmen CUP” ва “Etnosport challenge” халқаро турнири, октябрь ойида “Save Aral” халқаро марафони, кўп босқичли “Янги нафас” халқаро югуриш спорт мусобақалари, сентябрь-ноябрь ойларида футбол бўйича “Мактаблар лигаси”, “Чарм тўп”, “Раҳбар кубоги”, “Маҳаллада футбол” мусобақаларини;

в) “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини аҳолининг кенг қатламлари барча қатламлари ўртасида март-ноябрь ойларида тизимли ташкил этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан биргаликда 2020 йилдан бошлаб:

барча телеканаллар, шу жумладан хусусий телеканаллар эфирида ҳар куни уч марта (соат 7.00, 12.00 ва 17.00 да) нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари иштирокидаги 5 дақиқадан иборат оммавий бадантарбия машғулотлари;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган ижтимоий видеороликлар намойиш этилишини таъминлайди;

ижтимоий видеороликлар буюртмачиси этиб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид