«Кейинги сафар қўшниларни ҳам чақирамиз» – Лукашенко «яширинча» ўтган инаугурация маросимига изоҳ берди
Беларусь президенти Александр Лукашенко 23 сентябрь куни олдиндан эълон қилинмай ўтказилган инаугурация маросими ҳақида гапирди. У ҳаммаси қонун доирасида ўтганини таъкидлаган.
«Беларусь қонунларига кўра, биз Ғарб давлатларини ва умуман бирорта давлатни огоҳлантиришга мажбур эмасмиз. Бу мамлакатнинг ички иши. Инаугурацияга ҳарбийлар билан бирга 2 мингга яқин одам таклиф қилинганди. Шу сабаб буни сир сақлаш имконсиз эди.
Менимча, биз барча қонун талабларини бажардик. Билиши керак бўлганлар маросим ўтказилиши ҳақида билишди. Таъкидлаш керак, Беларусда маросимларни ўтказишни маромига етказиб амалга оширишади. Кейинги гал қўшни давлатлар – Польша ва Литвани ҳам чақирамиз», деган Лукашенко.
Маълумот учун, Литва ва Польша Лукашенкони Беларусь президенти сифатида тан олмаган давлатлар қаторида бўлиб, бу давлатлардан ташқари яна 10 мамлакат - Германия, Дания, Канада, Латвия, Нидерландия, Словакия, АҚШ, Украина, Чехия ва Эстония ҳам уни ноқонуний президент деб ҳисобламоқда.
Лукашенко Ғарб давлатлари инаугурация маросими ўтказилишидан бехабар қолганига шубҳа билдирган. «Ахир уларнинг разведкаси қаерга қараяпти? МРБчилар (АҚШ Марказий разведка бюроси), немис разведкачилари қани? Билмай қолганлар бу ҳақда ўз разведкачиларидан сўрай қолишсин. Улар назорат қилаётган телеграм-каналлар инаугурация 23 сентябрда бўлиши ҳақида ёзишди-ку?», деган Лукашенко Хитой элчиси билан учрашув вақтида.
Ўз навбатида Хитой элчиси Цуй Цимин мамлакат Беларуснинг ички ишларига аралашиш ҳолатларини қоралашини айтиб, Беларусь Лукашенко қўл остида сиёсий барқарорликни таъминлашига ишонч билдирди.
Маълумот учун, 23 сентябрь куни Беларусь президенти Александр Лукашенконинг инаугурация маросими ўтказилди. Бу ҳақда олдиндан расман эълон қилинмаганди. Одатда мамлакатлар президентнинг инаугурация маросимига катта эътибор қаратиб, бутун дунёдан меҳмонларни таклиф этишади. Бу маросим кўплаб мамлакатларда катта байрамдек ўтказилади. Масалан, АҚШда президентнинг инаугурация маросимини майдонларда кўпчилик бўлиб жонли эфирда томоша қилиш урф бўлган.
1994 йилдан буён Беларусни бошқариб келаётган Александр Лукашенко 9 августда ўтказилган сайловларда расман 80 фоиздан зиёд овоз тўплаб, ғолиб бўлганди. Мамлакатда сайлов натижалари эълон қилингандан буён намойишлар тўхтамаяпти.
Мавзуга оид
14:30
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024
Лукашенко Мария Колесниковани афв этиш ҳақида ўйлаб кўришга тайёр
19:19 / 23.10.2024
Беларусда президентлик сайлови санаси белгиланди
20:39 / 08.10.2024