Тошкент вилоятида газ ўғирланиши ҳолатлари аниқланди
"Ҳудудгаз Тошкент" газ таъминоти филиали "Ўзнефтгазинспекция" Тошкент вилояти бошқармаси билан биргаликда Тошкент вилоятида газ таъминоти тизимига ноқонуний уланишларни аниқлаш бўйича рейд ўтказди.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, текширув давомида Юқори Чирчиқ тумани "Ийк ота" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган МЧЖ белгиланган қоидаларни четлаб ўтиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, оҳак ишлаб чиқараётгани аниқланди. Корхона ҳудудидаги 30 тонналик тўртта хумдонда эса, 60та қўлбола (ностандарт) горелкалар ўрнатилган. Мазкур МЧЖ ва "Ҳудудгаз Тошкент" газ таъминоти бўлими ўртасида имзоланган шартномага кўра, 2та битумни эритиш қозони ва тўрт комфоркали печдан фойдаланиш учун МЧЖнинг табиий газ истеъмоли кўзда тутилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорининг 11-боб, 125-бандига мувофиқ, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди. Маълумотларга кўра, газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 821 664 000 сўмни ташкил этди.
Рейд давомида яна бир шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, "Боғишамол" МФЙ, Янгиобод кўчасида яшовчи фуқаро Б.И.нинг хонадони ҳовлисида қайта текширув ўтказилди. Жорий текширув мазкур хонадонда тўртинчи марта ўтказилмоқда, бу фуқаро табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб ноқонуний тарзда оҳак печларини ишлатиб келган.
Ушбу манзилда биринчи текширув 2020 йил 18 январда ўтказилган бўлиб, текширув давомида уй эгасига газ таъминоти тизимига ноқонуний уланганлиги учун 214 182 000 миллион сўм миқдорида зарар ҳисобланган. Иккинчи текшириш 2020 йил 6 март санасида ўтказилган, натижада етказилган зарар 9,3 миллион сўмдан ошган. Фуқаро Б.И. учинчи марта ҳам тегишли рухсатларсиз газ таъминоти тизимига уланиб олган. 2020 йил 20 март куни ўтказилган навбатдаги рейд натижасида, фуқаро Б.И.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ортидан газ етказиб берувчи ташкилотларга жами 2,1 миллион сўмдан зиёд зарар етказгани аниқланган.
Бир неча маротаба газ тармоғидан узиб ташланиши ва жарима тўловларига қарамай, фуқаро Б.И. тўртинчи маротаба ҳам оҳак печини табиий газ таъминоти тармоғига ноқонуний равишда улаб олди. Бунинг натижасида, газ таъминоти ташкилотларига етказилган зарар, ҳисоб-китобларга кўра, 58 406 000 сўмни ташкил этмоқда.
Қайд этилган қонунбузарликлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилди. Республиканинг барча ҳудудларида шу ва шу каби табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларни аниқлаш бўйича текширувлар давом этмоқда, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:14 / 05.11.2024