Жаҳон | 17:43 / 24.09.2020
4458
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Украинада коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилди

Коронавирус эпидемияси тарқалишини мониторинг қилиш тизимининг маълумот беришича, мамлакатда охирги вақтда суткасига 3 мингдан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилмоқда.

Фото: ukrinform.ua

Украинада коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг иккинчи тўлқини бошланди. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

"Ҳозирда бутун дунёда, Украина ҳам бундан мустасно эмас, касаллик авж олмоқда ва беморлар сони ортмоқда. Шу боис бугунги кунда хорижлик фуқароларга кириш тақиқланди. Бу тўғри қарор деб ўйлайман", - деди Зеленский.

"Бугун кунига 3 минг нафар бемор аниқланмоқда. Афсуски, бу Украинадаги иккинчи тўлқиндир. Биз украиналикларнинг ҳам, Украинага келадиган бошқа мамлакатлар фуқароларини ҳам хавф остига қўя олмаймиз. Вазият барқарорлашганидан кейин чегаралар албатта очилади", - деб қайд этди у.

 Коронавирус эпидемияси тарқалишини мониторинг қилиш тизимининг маълумот беришича, мамлакатда охирги вақтда суткасига 3 мингдан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилмоқда.

 24 сентябрь куни 3372та янги ҳолат қайд этилган, 52 бемор вафот этган. Бир кун аввал эса 3497 янги бемор қайд этилган.

Украинада пандемия бошланганидан буён жами касалланганлар сони 188,1 мингдан ошган, 3757 киши вафот этган.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш масалалари бўйича еврокомиссар Стелла Кириакидис Европанинг қатор мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашганини айтганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид