Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
КХДР ҳарбийлари жанубий кореялик амалдорни ўлдириб, ёқиб юборгани хабар қилинди. Ким Чен Ин узр сўради
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жанубий кореялик амалдор ўлими юзасидан узр сўради. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти девони маълум қилган.
Ким Чен Ин жанубий кореялик ҳамкасбига рўй бериши керак бўлмаган воқеа рўй берганини айтган.
Шу кунларда Жанубий Корея мудофаа вазирлиги разведка маълумотларига асосланган ҳолда, КХДР ҳарбийлари жанубий кореялик амалдорни ўлдиришгани ҳақида хабар берганди. Сеул расмийларининг сўзларига кўра, балиқчилик департаменти ходими бўлган амалдор 21 сентябрь куни Ёнпхёндо ороли яқинида текширув ўтказаётган катер бортидан йўқолиб қолган ва кейинроқ унинг жасади Шимолий Корея сувлари ҳудудидан топилган.
Жанубий Корея мудофаа вазирлигидаги манбанинг маълум қилишича, шимоллик аскарлар уни отиб ташлашган, кейин унинг танасига ўт қўйиб юборилган.
Коронавирус пандемияси бошлангач КХДР чегараларни қўриқлашни кучайтирган, айрим хабарларга кўра, мамлакатга Covid-19 кириб келмаслиги учун чегарадан ноқонуний ўтишга уринганларни отиб ташлашга кўрсатма берилган.
Жанубий Корея томони талқини
Душанба куни Жанубий Корея балиқчилик департаменти ходими КХДР билан чегарага 10 километр масофада турган патрул катери бортида бўлган, кейин у ғойиб бўлиб қолган.
Катерда унинг оёқ кийими қолган, Жанубий Корея мудофаа вазирлигининг хулосасига кўра, у қандайдир хавфдан КХДРга қочиб, мамлакат территориал сувлар орқали сузиб кетган.
Жанубий Корея разведкаси маълумотига кўра, шимолий кореялик чегарачилар сешанба куни уни қутқарув жилетида топиб олишган.
Сеул томонининг ҳисоблашича, КХДР ҳарбийлари противогазларда бўлишган ва ўлдириш ҳақидаги буйруқ келмагунча уни масофадан туриб сўроқ қилишган. Сеулдагиларнинг айтишича, амалдор сувдалигида отиб ташланган, кейин унинг танасига ёнувчи суюқлик қуйиб, ўт қўйишган. Жанубий Корея мудофаа вазирлигидагилар КХДР ҳукумати бу каби ғайриинсоний ҳаракатни коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича қўлланма доирасида амалга оширган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Сеулдагилар маълумотига кўра, отиб ташланган амалдор 47 ёшда бўлган, унинг икки фарзанди етим қолган.
Қайд этилишича, бу 2008 йилдан буён КХДРда Жанубий Корея фуқаросининг ўлдирилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат ҳисобланади.
Жанубий Корея бу ҳодисани ҳаддан ташқари шафқатсизлик акти деб баҳолаган ва КХДР раҳбариятидан изоҳ сўраб, ижрочиларни жазолашни талаб қилган.
10та ўқ
Жанубий Корея миллий разведка хизмати директори Су Нуннинг сўзларига кўра, Ким Чен Ин ўз мактубида президент Мун Жэ Инни ва Жанубий Корея халқини ранжитганидан афсусдалигини билдирган.
«КХДР етакчиси Жанубий Корея президенти ва мамлакатнинг бошқа фуқароларига пандемия оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш ўрнига, уларни қаттиқ хафа қилиб қўйганидан афсусда», дея ёзади Сеулга Пхеняндан келган расмий мактубга таяниб хабар берган Yonhap агентлиги.
Мактубда рўй берган ҳодиса ҳақида ҳам қисқача тўхтаб ўтилган, хусусан, амалдорга қарата 10 марта ўқ узилгани айтилган.
Шу билан бирга, Ким Чен Ин шимолий кореялик ҳарбийлар ўлдирилган шахснинг жасади ёқиб юборилмагани ҳақида маълум қилган.
Пхенян маълумотларига кўра, қонунбузар чегарачиларнинг оғзаки буйруқларига ҳеч қандай жавоб қайтармаган. У қочишга уринганидан, патруль 40-50 метр оралатиб 10 мартадан ортиқ ўқ узган. Шундан сўнг, патруль қайиқни текширган: қонга бурканган қайиқда ҳеч кимнинг жасади бўлмаган. Шу сабабли кема коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича миллий штаби директивасига кўра ёқиб юборилган.
Мавзуга оид
20:27 / 09.06.2026
Си Жинпинг Пхенянда: Хитой ва КХДР муносабатларни «янги чўққилар»га олиб чиқмоқда
20:18 / 11.05.2026
Ким Чен Ин ўзи ўлдирилган тақдирда, ядровий зарба билан қасос олишни буюрди
10:20 / 30.03.2026
КХДР АҚШга етиб бора оладиган ракеталар устида ишлаяпти
08:55 / 26.03.2026