Ўзбекистон | 08:47 / 28.09.2020
6285
5 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги бош бошқарманинг асосий вазифалари очиқланди

Мамлакатда озиқ-овқат саноатини ривожлантиришда бозор механизмларини жорий қилиш, соҳада давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси фаолиятини ташкил қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президентнинг 2020 йил 9 сентябрдаги “Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4821-сон қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси негизида бошқарув ходимларининг чекланган сони 12 та штат бирлигидан иборат Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилган ҳамда вазир ўринбосари - Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилган.

Қуйидагилар Бош бошқарманинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи (ишлаб чиқарувчи) корхоналар билан ушбу маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатлар учун шароитлар яратиш;

маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделларини ишлаб чиқиш;

озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш соҳасида норматив-хуқуқий базани такомиллаштириш;

импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва ассортиментини кенгайтириш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, қайта ишлаш корхоналари, тайёрлаш ва сотиш ташкилотлари ўртасида бозор муносабатлари асосида, унинг тайёрланиши, сақланиши, янада чуқур қайта ишланиши ва сотилишини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат хом ашёси ҳаракатининг замонавий савдо ва логистика марказларини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ҳафта муддатда:

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаларида бошқарув ходимларининг умумий штатлар сонидан келиб чиқиб, 3-4 штат бирлигидан иборат Озиқ-овқат саноати ва агрологистик марказларни ташкил этиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўлимини ташкил этади;

туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимларида озиқ-овқат саноатини ривожлантириш масалалари бўйича 1 та штат бирлигидан иборат бош мутахассис ажратилиши таъминлайди;

Бош бошқарманинг низомини ишлаб чиқиб тасдиқлайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 млрд сўм миқдоридаги маблағларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига бир ой муддатда ўтказиб берилишини таъминлайди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатидаги тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш)дан тортиб ташқи бозорларга етказиб беришгача бўлган тизимни ўз ичига оладиган “кластер” тамойили асосида маҳсулотлар экспорти ва соҳадаги импортни тўғри ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Маъмурий-хўжалик хизмати” давлат муассасаси иштирокида “UzAgrо-Food Trade” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги ташқи савдо компаниясини ташкил этиш таклифи маъқулланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги тегишлича Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, стратегик аҳамиятга эга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (картошка, буғдой, мойли экинлар ва бошқалар) нархи кескин ўсишининг олдини олиш мақсадида зарур ҳолларда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан “UzAgrо-Food Trade” томонидан Ўзбекистонга импорт қилинадиган маҳсулотларга нархининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратилишини таъминлайди.

Маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини ташқи бозорларда тарғиб қилиш, реклама қилиш истеъмолчиларга таништириш мақсадида “UzAgrо-Food Trade” томонидан хорижий давлатларда ташкил этиладиган “showroom”ларнинг ижара ва уларни сақлаб туриш билан боғлиқ бошқа барча харажатлари, шу жумладан маҳсулотларни у жойларга етказиш харажатлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тўлаб берилади.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКнинг балансидаги Тошкент шаҳар, Нукус кўчаси, 73а-уй манзилида жойлашган барча бино ва иншоотлар, автомобиллар, хўжалик жиҳозлари оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилади.

“UzAgrо-Food Trade” Тошкент шаҳар, Нукус кўчаси, 73а-уй манзилига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилади.

Мавзуга оид