Жаҳон | 16:07 / 28.09.2020
3423
3 дақиқада ўқилади

Twitter Россиянинг яна бир сайтига санкция қўллади

Twitter ижтимоий тармоғи Россиянинг «РИА Новости» сайтига қарши санкция қўллади. Бу ҳақда сайтнинг ўзи хабар бермоқда.

Twitter жорий этган санкцияга кўра, фойдаланувчилар «РИА Новости»нинг саҳифасини қидирув орқали топа олишмайди. Сайтнинг Twitter'даги саҳифасига аъзо бўлганлар эса уни аввалгидек ўқишлари мумкин. Шунингдек, сиз ўқийдиган фойдаланувчи «РИА Новости»нинг саҳифасида чиққан хабарни улашса, уни кўра оласиз. Шунчаки, Twitter'нинг қидирув бўлими орқали «РИА Новости» саҳифасини топиб бўлмайди.

Twitter рус сайтларига нисбатан биринчи марта бундай санкция қўлламаяпти. Олдинроқ «RT» ва «Sputnik» агентликларининг саҳифалари ҳам қидирувда кўринмайдиган қилиб қўйилганди.

«Twitter томонидан қилинган бу ишни цензура деб баҳолаймиз. Бу ҳаракат Россия конституциясига зид. Бизнинг сўровимизга Twitter расмийлари жавоб беришмаяпти», дейилади агентлик баёнотида.

Августда Twitter ҳукумат таъсиридаги аккаунтларга санкция қўллашини маълум қилганди. «РИА Новости» эса Владимир Путиннинг фармонига кўра 2013 йилдан буён расман давлат тасарруфида фаолият юритиб келади.

Россия Думасининг ахборот сиёсати қўмитаси аъзоси Антон Горелкин «РИА Новости»га нисбатан қилинган бу ишни террористик ҳаракат деб атади.

«Twitter'да инсайдерларим йўқ ва улар нега бундай қилишганини тахмин ҳам қила олмайман. Шуни айтишим мумкинки, улар буни террорчилардек қилишди. Буни эълон қилинмаган уруш дейиш ҳам мумкин.

Агар «РИА»дагилар Twitter'нинг қандайдир қоидаларини бузишса, санкцияга тушишлари мумкинлигидан огоҳлантирилиши керак эди. Санкция қўллангач эса унинг сабаби тушунтирилиши лозим. Бироқ улар шунчаки йирик агентлик саҳифасини қидирувдан олиб ташлашди ва ҳеч қандай изоҳ беришмаяпти.

Улар бизнинг бозорда ишлашмоқчими, марҳамат қилиб фуқароларимиз, компанияларимиз ва ОАВларимизни ҳурмат қилишсин», деган Горелкин.

Маълумот учун, қайсидир манбани қидирувдан олиб ташлаш санкцияси Telegram мессенжерида ҳам мавжуд. Масалан, ўз ўқувчилари сонини сохта ботлар ёрдамида кўпайтирадиган каналлар Telegram маъмурияти томонидан қидирувда кўринмайдиган қилиб қўйилади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид