Ўзбекистон | 09:37 / 01.10.2020
6201
4 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ер турларини консервация қилиш тартиби маълум бўлди

Қишлоқ хўжалиги ер турларини консервация қилиш тартибини белгилаш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги ер турларини консервация қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди

Қишлоқ хўжалиги ер турларини консервация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда ҳосилдан қолган қишлоқ хўжалиги ерларини аниқлаш бўйича ишларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгиланган тартибда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қишлоқ хўжалиги ер турларини консервация қилиш бўйича бажариладиган ишлар учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида молиялаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

тупроқларнинг агрокимёвий ва биокимёвий кўрсаткичларини аниқлаш бўйича самарали тизимни ташкил этиш мақсадида “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ таркибидаги “Агрокимё станцияси” МЧЖни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда ерларни концервация қилиш амалга оширилади:

экологик талабларнинг бузилиши натижасида тупроқларнинг кучли эрозияга, шўрланишга, чўлланишга, ботқоқлашишга учраши ҳамда яйлов ва пичанзорларда тупроқ-ўсимлик қоплами жиддий таназзулга учраши;

тупроқларнинг инсон саломатлиги учун хавфли даражада кимёвий моддалар ва бошқа турдаги ифлослантирувчилар билан зарарланиш ёки шўрланиш ёки ишқорлилик даражасининг ошиши натижасида ерлар бузилиши;

ерларнинг кам маҳсулдорлиги, тупроқлар ҳосилдорлиги жуда пасайиши ва табиий хусусиятлари бўйича салбий тавсифларга эга бўлиши;

ерларнинг рухсат этилган чегарадан юқори даражада заҳарли саноат чиқиндилари, радиоактив моддалар, оғир металлар ва бошқа кимёвий элементлар билан ифлосланиши.

Қишлоқ хўжалиги ер турларини консервация қилиш жисмоний ва юридик шахслар фойдаланишда ёки эгалигида бўлса, ердан фойдаланувчилар ва ер эгалари ташаббусига кўра амалга оширилади. Агар, қишлоқ хўжалиги ер турларига нисбатан фойдаланиш ёки эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган бўлса, уни консервация қилиш туман ҳокимликлари ташаббусга кўра амалга оширилади.

Консервация қилинган ерларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланганлиги бўйича тури консервация қилинган барча даврда ўзгармайди ва статистика ҳисоботларида алоҳида сатрда кўрсатилади.
 
Консервация қилинадиган ерларини аниқлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги ер турларини хатловдан ўтказиш ва консервация қилинадиган ер участкаларини аниқлаш умумий кўрикдан ўтказиш, агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар асосида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар Қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг Ердан самарали фойдаланиш бўйича мутахассислари қишлоқ хўжалиги ер турларини хатловдан ўтказиш учун план-картографик ва ер участкаси тўғрисидаги бошқа ахборотларини ҳамда ундан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги маълумотларни ер-ахборот маълумотлар базасига киритиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

Қишлоқ хўжалиги ер турларининг план-картографик ва бошқа ахборотлари ҳамда агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар натижалари асосида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тупроқлари ҳолати тўғрисидаги миллий, ҳудудий ва маҳаллий электрон маълумотлар базасини шакллантиради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан консервация қилинадиган ерларини аниқлаш бўйича тайёрланган тегишли материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар томонидан тасдиқланади.

Умумий кўрикдан ўтказиш, агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар натижалари асосида деградацияга учраган, кам маҳсулдор ҳамда заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланган қишлоқ хўжалиги ер турлари концервация қилинадиган гуруҳга ўтказилади.

Мавзуга оид