Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қорабоғдаги урушнинг тўртинчи куни. Россия Кавказга Сурия ва Ливиядан жангарилар келганини айтмоқда
Тоғли Қорабоғ ҳудудида 30 сентябрь куни ҳам жанглар давом этди. Арманистон ва Озарбойжон икки мингдан ошиқ қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот берган.
Арманистон ва Озарбойжон Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар давомида ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сони икки мингдан ортиши ҳақида хабар бермоқда. Озарбойжон мудофаа вазирлиги 30 сентябрь куни тонгида Арманистоннинг Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён йўқотишлари 2300 кишидан ортиши (жароҳатланганлар ҳам шунинг ичида) ҳақида маълум қилди. Вазирлик, шунингдек, Арманистоннинг 130га яқин танклари ва бошқа зирҳли транспорт воситалари, 200дан ортиқ артиллерия мосламалари, 25га яқин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, 6та қўмондонлик пунктлари ва 5та ўқ-дорилар омбори йўқ қилинганини таъкидлаган. Ўз навбатида, Арманистон мудофаа вазирлиги эса Озарбойжон томони ўзининг йўқотишларини Арманистон армиясига ҳисоблаётгани ҳақида баёнот берди. Ереван 27 сентябрдан буён Озарбойжоннинг 790 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани, 1,9 минг нафари яралангани, шунингдек, Озарбойжон 137та танк, 72та дрон, 7та вертолёт ва битта Ан-2 самолётидан айрилгани ҳақида маълум қилган. Зиддият ҳудудида жанглар давом этмоқда, икки томон ҳам тинч аҳоли орасидаги ўлимлар тўғрисида хабарлар тарқатмоқда.
Грузия Тбилисида вазиятни барқарорлаштириш бўйича музокаралар ўтказишни таклиф қилди. «Минтақада имкон қадар тез тинчлик ўрнатилиши бизнинг умумий манфаатларимизга мос келади», — деган грузинлар бош вазири Георгий Гахария. Аввалроқ Россия ҳам ўт очишни тўхтатишга чақириб, бу борада воситачиликни ва Москвада музокаралар ташкиллаштиришни таклиф қилганди. Шунингдек, АҚШ, Евроиттифоқ давлатлари, БМТ, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар томонларни тинчлик музокараларига чорламоқда.
Боку алоҳида давлатларнинг мулоқотга чақириқларини маъносиз деб атамоқда. «Қайсидир бир давлат томонларни мулоқотга чорлаши ноўриндир. Бу ишни халқаро ташкилотлар, масалан, БМТ қилиши керак, биз шунда буни табиий қабул қиламиз, ЕХҲТ ҳам тинчликка чақириши мумкин, уларнинг бунга ваколати бор. Айрим давлатлар „мулоқот бошланглар, биз эса ёрдам берамиз“ дейишига эса зарурат йўқ. Ҳозир ҳақиқатни гапириш вақти», — деган Озарбойжон президенти Илҳом Алиев. Унинг сўзларига кўра, агар халқаро ҳамжамият Арманистон ҳукуматини Қорабоғдан қўшинларини олиб чиқишга мажбур қила олмаса, «озарбойжонлик аскарлар уларни тўхтатади ва ўз ҳудудларидан сиқиб чиқариб, адолат ўрнатади». Аввалроқ Арманистон раҳбари Никол Пашинян ҳам ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган мураккаб вақтда музокаралар ҳақида гапириш ноўринлиги, бундан олдин ўт очишни тўхтатиш лозимлигини айтиб ўтганди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги Қорабоғ ҳудудига Сурия ва Ливиядан жангарилар олиб келингани ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, вазирлик зиддиятнинг қайси томони бу ишни қилганига аниқлик киритмаган. Аввалроқ Арманистон ҳам, Озарбойжон ҳам ҳарбий ҳаракатларда хорижлик ёлланма ҳарбийлар иштирок этаётганини маълум қилиб, бунда бир-бирини айблаганди.
Арманистон ҳукумати маълумотига кўра, ёлланма жангарилар Туркия томонидан юборилмоқда. Арманистоннинг Россиядаги элчиси Вардан Тоганян Суриядан Тоғли Қорабоғга «тўрт мингга яқин жангари ташлангани» ҳақида гапирган. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бу маълумотни рад этган ва Туркия Озарбойжонга «руҳий-маънавий кўмак кўрсатаётгани»ни билдирган. Ўз навбатида, Озарбойжон мудофаа вазирлиги Арманистон томонининг йўқотишлари орасида «Сурия ва Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларидан ёлланма жангчилар сифатида келган этник арманлар ҳам борлиги»ни маълум қилган.
Москвадаги арман ва озар диаспоралари ватандошларини «босиқлик»ка чақирди. «Кескинликни Россия Федерацияси ҳудудига кўчириш ва икки миллатга мансуб жамоалар ўртасида зиддият ўчоқларини ҳосил қилиш керак эмас», — дейилади икки давлат диаспорасининг Москва мэрияси томонидан эълон қилинган қўшма баёнотида. Бир неча ой муқаддам, ёз ўрталарида Тоғли Қорабоғда яна бир марта вазият кескинлашганида Москва шаҳридаги арманлар ва озарлар ўртасида оммавий муштлашувлар келиб чиққанди.
Москва кинофестивалидан Қорабоғ низоси ҳақидаги фильм олиб ташланди. Гап «Врата в рай» картинаси ҳақида кетмоқда, унда 1990-йилларда Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни ёритган фронт операторлари ҳақида ҳикоя қилинади. Фестивал ташкилотчилари бу қарорни эҳтиёткорлик юзасидан деб изоҳлашди. «Картина яхши бўлсада, Тоғли Қорабоғда юзага келган вазият ортидан Москвада ҳам арманлар ва озарбойжонликлар ўртасида тўқнашувлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида уни намойиш этишдан воз кечдик», — деган фестивалнинг дастурлаш бўйича директори Кирилл Разлогов.
Мавзуга оид
15:04 / 13.06.2026
Шавкат Мирзиёев Никол Пашинянни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
10:45 / 13.06.2026
Арманистонда сайлов овозлари қайта саналди
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
16:54 / 09.06.2026