Ўзбекистон | 20:00 / 02.10.2020
7280
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича қўлланма чиқарилди

2 октябрь куни Тошкентда «Одам савдосига қарши курашиш йўлида шериклик» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ижроси доирасида ташкил этилган ушбу анжуман «Одам савдосига қарши курашиш: 2015-2020 йиллар» номли Марказий Осиё минтақавий дастурининг якунларига бағишланди.

Тадбир инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан Халқ таълими вазирлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ва миграция бўйича халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Женевадаги вакиллигидаги доимий ваколатхонаси вакили Улуғбек Лапасов, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм, миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий мувофиқлаштирувчиси, миссия раҳбари Зейнал Гаджиев онлайн анжуман иштирокчиларини қутладилар.

Давра суҳбатига миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича менежери Санжарбек Тошбоев модераторлик қилди. Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек «Istiqbolli avlod» Республика ижтимоий-ахборот маркази ҳамда «Barqaror hayot» халқаро ижтимоий-маърифий маркази экспертларининг маърузалари тингланди.

Анжуманда дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланаётгани қайд этилди. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги айтилди. БМТ маълумотига кўра, ҳозирги кунда глобал миқёсда 40 миллиондан ортиқ киши одам савдосининг замонавий кўринишларидан азият чекмоқда. Ҳар йили яна 2,7 миллион киши одам савдоси қурбонига айланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш йўналишида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирларни амалга ошираётгани ҳақида тўхталди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича таклифи COVID-19 пандемияси шароитида одам савдоси муаммосини чуқурлаштириши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш учун муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди.

БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш бўйича белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда. 2019 йил Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия ташкил этилди.

2020 йил 22 июндаги президент фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ва унинг йўл харитасида одам савдосидан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси белгиланганди. Шу асосда 2020 йил 17 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Давра суҳбати якунида янги нашр – «Одам савдосига қарши курашиш» номли қўлланманинг тақдимоти ўтказилди. Болалар ва ёшлар учун мўлжалланган ушбу китоб ўзбек тилидаги мухтасар матн ва расм-безакли шаклда тайёрланган. Қўлланма БМТ 75 йиллиги ҳамда «Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва уни бартараф этиш ҳамда унинг учун жазолаш тўғрисида»ги Палермо протоколининг 20 йиллиги муносабати билан чоп этилди. Тақдимотда Ўзбекистон учун Палермо протоколи талабларини бажариш муҳим вазифалардан бири экани айтилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ахборот хизмати

Мавзуга оид