20:02 / 08.10.2020
24942

Ўртоқлик учрашуви. Нохуш анъана бузилган баҳсда Ўзбекистон Эронга мағлуб бўлди

Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида кечган ўртоқлик учрашувида Эрон миллий жамоасига мағлуб бўлди.

Ушбу баҳсда миллий жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов 2020 йил ҳисобидан илк марта легионерлар хизматидан фойдаланди. 

Учрашувда ҳисобни 43-дақиқада форсларнинг етакчи ҳужумчиси Сардор Озмун очди. «Зенит» форвардининг кучли зарбаси олдида Элдор Суюнов ожиз қолди – 0:1.

Иккинчи бўлимни ҳам ҳужумкор бошлаган эронлик футболчилар 51-дақиқада пенальти тепиш имкониятига эга бўлишди. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Меҳди Тореми Суюнов дарвозасини осонлик билан ишғол этди – 0:2.

Ушбу голдан кейинги ҳужум вакилларимизга омад келтирди. Санжар Қодирқуловнинг жарима майдони чизиғи устидан етказган узатмасини Элдор Шомуродов қийин вазиятда бўлишига қарамай, меҳмонлар дарвозасининг узоқ бурчагини аниқ нишонга ола билди – 1:2. Бу Элдорнинг 2020 йилда миллий жамоа сафидаги биринчи ўйини ва дастлабки голи бўлди.

Эътиборлиси, Шомуродов бу голи билан нохуш анъанага чек қўйди – Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк марта Тошкентда Эрон дарвозасига гол урди. 

Шу тариқа, иккинчи нохуш анъанага чек қўйиш бу сафар ҳам насиб қилмади – Ўзбекистон бу сафар ҳам Тошкентда Эронга мағлуб бўлди. Форслар кетма-кет тўртинчи ўйинда Ўзбекистондан ғалаба билан қайтишди.

Халқаро ўртоқлик учрашуви. 8 октябрь
ЎЗБЕКИСТОН – ЭРОН – 1:2
Тошкент, «Пахтакор» стадиони.
Бош ҳакам: Жасур Мухторов (Ўзбекистон)
Голлар: Элдор Шомуродов 53 – Сардор Озмун 43, Меҳди Тореми 51 (пен.)
Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Рустам Ашурматов (Игорь Голбан, 57), Ислом Қобилов, Ҳожиакбар Алижонов (Мурод Холмуҳаммедов, 46), Фаррух Сайфиев, Лутфулла Тўраев (Икром Алибоев, 57), Санжар Қодирқулов, Аброр Исмоилов (Отабек Шукуров, 57), Жасур Яхшибоев (Ҳожимат Эркинов, 46), Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов (Игорь Сергеев, 77).
Эрон: 12.Пайом Ниёзманд, 2.Содиқ Муҳаррами, 3.Эҳсон Хожисафи (Умид Нурафкон, 63), 4.Шожаи Халилзода, 5.Милод Муҳаммади, 6.Аҳмад Нуруллоҳи, 9.Меҳди Тореми, 11.Воҳид Амири (Али Карими, 63), 13.Ҳусайн Канонизодагон, 17.Али Гулизода (Саман Ғоддос, 75), 20.Сардор Озмун (Меҳди Ғоеди, 75).

Top