20:40 / 08.10.2020
13844

Тошкент марказидаги савдо мажмуасида мавжуд давлат улуши 139 миллион сўмга сотилди

Фото: e-auksion.uz

SPI&OWT масъулияти чекланган жамиятидаги 4 фоиз давлат улуши электрон онлайн-аукцион орқали 139 миллион 112 минг 736 сўмга сотилди. Ушбу харидга қадар, нарх қарийб 20 баравар туширилди.

Тошкент шаҳри маркази, халқ орасида «Broadway» номи билан машҳур Юнусобод тумани Зарафшон кўчаси 17 манзилда жойлашган савдо мажмуаси икки нафар жисмоний шахс, Sovplastil МЧЖ ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига тегишли бўлган.

Мулкдаги давлат улушини сотиб олган Premium Globe Investment МЧЖ эндиликда SPI&OWT МЧЖнинг 4 фоиз улушига эгалик қилувчи инвестор сифатида жамият уставига киритилади.

Spot.uz нашрининг ёзишича, 2019 йил куз мавсумида аукционга чиқарилган мазкур лотга белгиланган нарх 2,6 миллиард сўмни ташкил этганди. Жорий йил 7 сентябрда эса унинг қиймати 132,4 миллион сўмга, яъни 19,6 баравар камайтирилган.

Маълумот учун, SPI&OWT МЧЖ устав капитали 6,3 миллион долларни ташкил этади.

Top