Тошкент вилоятида ҳисоботларда амалда йўқ янги иш ўринлари қўшиб ёзилгани маълум бўлди
6 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган Сенат кенгашининг сайёр мажлисида Танзила Норбоева Тошкент вилоятида амалда яратилмаган янги иш ўринлари ҳисоботларда қўшиб ёзилаётганини танқид қилган. У мазкур иш жиноят эканини таъкидлаб, бунга қўл урганларга жиддий чоралар кўриш кераклигини айтган.
«Тошкент вилоятида янги иш ўринларини ташкил этишда давлат буюртмасини бажариш бўйича ҳам қўшиб ёзишлар аниқланган. Ўтган йилги ҳисоботларда иш ўринлари яратилди, деб берилган 800та иш ўрни амалда яратилмаган.
Бундан ташқари, давлат буюртмасига мувофиқ режалаштирилган 5500га яқин иш ўрни яратилиши таъминланмаган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва вилоят мутасаддиларидан мазкур ҳолат бўйича тушунтириш беришларини сўраймиз», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳиддинов Сенат раиси очиқлаган ҳолат бўйича изоҳ берди.
«2019-2020 йилларда яратилган иш ўринлари бўйича батафсил ҳисоботим бор. Тошкент вилоятида бу борада кўп ишлар қилинган. Прогнозлар бажарилган. Лекин Баҳодир Тўхтамишович айтганларидек, ютуқлар ҳаммаси ўзимизники.
Ҳисоб палатаси текширувида аниқланган камчиликларнинг тизимли, фундаментал сабаблари ва уларни ечиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида гапириб ўтсам. Биринчидан, янги иш ўринлари яратишни ҳисобга олиш бўйича шаффоф, ҳаққоний тизим мавжуд эмаслиги оқибатида 797та иш ўрни кўп ҳисобланган. Қўшиб ҳисобланган», деб айтган Эркин Муҳиддинов.
Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, Тошкент вилоятида иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 13,3 фоизни ташкил этади. Танзила Норбоева “бу халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига қараганда юқори” эканини айтиб, Эркин Муҳиддиновдан бандлик масаласи бўйича Тошкент вилоятига алоҳида эътибор беришни сўрайди.
«Айниқса, аёллар, ёшлар, мана бу йилги битирувчилар бандлигини таъминлаш билан вилоятдаги 4 та сектор раҳбарлари номма-ном ишлаши керак эди улар билан. Сизларсиз бу ишларни қила олмайди улар.
Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳаммамиз учун устувор, биласизлар. Бу ерда чоралар кўришимиз керак. Салбий ҳолатлар бўлмаслиги керак. Қўшиб ёзиш керак эмас. Ҳозир олдингидек, “ҳар йили 1 млн иш ўрни яратиляпти” деган ҳисоботни ҳеч ким сўраётгани йўқ.
Ҳеч ким ҳеч кимни койиётгани ҳам, чора ҳам кўрилаётгани йўқ. Борини қилинглар, йўқ бўлса, йўғиниям индамасдан кейинги режага қўшиб ишлайверайлик. Нима қиламиз эски касалликни-қўшиб ёзишни?! Керак эмас бу нарса. Мен ўйлайманки, вазирлигимиз, бошқа мутасадди ташкилотлар ҳам бунга жиддий чоралар кўриши керак, шундай бўлмаслиги учун.
Ва биз Сенатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини ахборотини мунтазам эшитиб бориш амалиётини йўлга қўйганмиз. Шунинг учун бунга тегишли баҳоларни беришимизга тўғри келади, агар мана шундай давом этаверса», дея таъкидлаган Сенат раиси.
Мавзуга оид
20:03 / 08.11.2024
Nissan савдолар тушиб кетгани туфайли минглаб ходимларини ишдан бўшатади
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
11:53 / 06.11.2024