Жаҳон | 23:06 / 08.10.2020
5044
2 дақиқада ўқилади

Европада коронавирус ҳолатлари бўйича рекордлар сабабли чекловлар кучайтирилди

Европада пандемия бошланганидан буён қарийб 5,6 млн ҳолат қайд этилган, 229 мингга яқин киши вафот этган.

Фото: Reuters

Европанинг қатор мамлакатларида суткалик коронавирус ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткичлар қайд этилди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Хусусан, Германияда охирги 24 соат ичида апрелдан буён илк марта 4 мингдан ортиқ янги ҳолат қайд этилди. Нидерландияда охирги суткада мамлакат учун рекорд бўлган 5,8 мингта ҳолат аниқланди. Францияда ҳам суткалик кўрсаткич рекорди қайд этилди – қарийб 19 мингта ҳолат.

Чехияда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ёмонлашгани боис барча спорт ва маданият объектларини икки ҳафтага ёпишга қарор қилинди. Ресторанлар соат 20:00гача ишлайди, ўрта ва юқори синф ўқувчилари оддий шаклдан ташқари, масофавий таълимга ўтказилади.

Бельгия пойтахтида ҳам янги чеклов чоралари жорий қилинди: барча барлар ва паблар фаолияти бир ойга тўхтатилди. Чекловлар спорт клублари ва қабул залларидаги қаҳвахоналарга ҳам тааллуқли.

Италияда ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланди, Польшада ҳам шанба кунидан ушбу тартиб амал қила бошлайди.

Worldometers маълумотларига кўра, Европада пандемия бошланганидан буён қарийб 5,6 млн ҳолат қайд этилган, 229 мингга яқин киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид