Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий этилмоқда. Президент «давлатчиликка таҳдид» юзага келгани ҳақида гапирди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш ва шаҳарда тартибни сақлаш учун армия бўлинмалари ва ҳарбий техникаларни киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу вақтда пойтахтда турли сиёсий гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бошланган. Оммавий норозилик акциялари, ҳукумат бинолари намойишчилар томонидан эгаллаб олиниши ва кўплаб амалдорлар истеъфосидан кейин мамлакатдаги вазиятни ким назорат қилаётгани номаълум бўлиб қолмоқда.
Жума куни Жээнбеков «мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши билан президент лавозимидан кетишга тайёрлиги»ни маълум қилди. У кун давомида Кубатбек Бороновни бош вазир лавозимидан озод этди, кейинроқ Бишкекда 21 октябрга қадар фавқулодда ҳолат жорий этилиши тўғрисидаги фармонини имзолади.
Мамлакат президенти сайтида бу қарор «оммавий тартибсизликлар натижасида юзага келган ҳамда одамлар ҳаёти ва саломатлигига таҳдид ва зўравонликларни келтириб чиқарган мураккаб вазият муносабати билан ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш» учун қабул қилингани кўрсатилган.
Жээнбеков фавқулодда ҳолат «фақат фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиги, уларнинг хавфсизлиги, шунингдек, ижтимоий-сиёсий вазиятни тезроқ барқарорлаштириш ҳамда Бишкек ҳудудида жамоат тартибини ўрнатиш мақсадида» жорий этилишини маълум қилган.
Президент пойтахтга ҳарбий комендант тайинлаган, шаҳарда комендантлик соати жорий этилган, митинг ва бошқа оммавий маросимлар тақиқланиб, оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатилган. Фармонга кўра, Бишкекка ҳарбий қисмлар ва ҳарбий техника киритилиб, блокпостлар ўрнатилиши мумкин.
Президент маъмурияти фавқулодда режим 9 октябрь куни соат 20:00дан бошлаб амал қилишини маълум қилганди. Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги бу муддат 10 октябрь кунидан бошланишини билдирди.
Ҳарбийлар президентнинг бу фармонига қанчалик амал қилиши аниқ эмас, аммо ТАСС агентлиги мухбири Бишкекнинг жанубий ва ғарбий қисмида ҳарбий юк машиналари колоннаси ва ҳарбий хизматчиларни кўргани ҳақида хабар берган.
Аввалроқ президент маъмурияти, парламент, давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ва давлат телевидениеси биноси парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган намойишчилар томонидан эгаллаб олинганди.
Бу вақтда Бишкек марказида турли сиёсий партиялар тарафдорлари иштирокида бир вақтда бир неча митинг бўлиб ўтмоқда. «Интерфакс» агентлиги хабар беришича, пойтахтнинг марказий майдонида яқинда қамоқдан чиқарилган собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг тарафдорлари ҳам йиғилган.
Шунингдек, тартибсизликлар вақтида қамоқдан озод этилган яна бир сиёсатчи, парламентнинг собиқ депутати Садир Жапаровнинг (депутатларнинг бир қисми уни янги бош вазир сифатида тан олишган) тарафдорлари шаҳар марказига келган. Бундан ташқари, мамлакатнинг турли шаҳарларида президент Жээнбековнинг ва бошқа сиёсий кучларнинг тарафдорлари ўз акцияларини ўтказмоқда.
Хусусан, собиқ президент Атамбоев ўз тарафдорлари иштирокидаги митингда мамлакатда «учинчи инқилоб» бошлангани ҳақида эълон қилган. У Жээнбеков амалда миллий хавфсизлик хизматини ва ички ишлар вазирлигини ҳам бошқараётганини, Қирғизистонда унинг оиласига тегишли банк ҳисобларида 300 млн доллар маблағ борлиги ҳақида гапирган, қирғизистонликлардан ўз вақтида Жээнбековни ҳукуматга олиб келгани учун узр сўраган. Шундан сўнг, у Бишкек марказидаги ҳукумат бинолари томон ҳаракатланган колоннага бошчилик қилган.
Бишкекдаги тўқнашувлар вақтида Жапаровнинг тарафдорлари Атамбоевга содиқ бўлган кишиларга қарата тош ва бутилкалар улоқтиришган, шундан кейин собиқ президент ва унинг одамлари майдондан кетишган. Атамбоевга яқин манбалар хабар беришича, собиқ президентга суиқасд уюштирилган. Интернетда митингдагилардан бири собиқ президент ўтирган автомобилга қуролдан ўқ узгани тасвирланган видеолар тарқалди, сиёсатчи бу ҳужумдан жабрланмаган.
Шунингдек, «Ата-Мекен» партиясининг бош вазир лавозимига муқобил номзоди - 29 ёшли Тилек Токтагазиев жароҳатланиб шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Кун охирида Сооронбай Жээнбеков яна бир видеомурожаат йўллади. У мамлакатда давлатчиликка таҳдид юзага келгани ҳақида гапирди.
У республика ҳудудий яхлитлигини ва фуқароларнинг тинч ҳаётини сақлаш учун ўзининг конституцион ваколатлари доирасидаги барча ишни қилишини айтган.
«Ишончим комилки, мамлакатдаги барча соғлом кучлар мени тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бугун биз давлатчилигимизга ҳақиқий таҳдид юзага келганининг гувоҳи бўлиб турибмиз», деган Жээнбеков.
У Қирғизистон «хавф ёқасида» турганини қайд этиб ўтган. «Республика аҳолисининг ҳаёти сиёсий эҳтирослар учун қурбонлик қилиши керак эмас. Шу туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди», деган у.
Қирғизистонда нималар бўлмоқда?
4 октябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига 44 партия мурожаат қилди. Улардан 16таси сайловда қатнашиш учун зарур шартларни бажарди ва шу партиялар МСКдан сайловда иштирок этиш учун рухсат олди.
Сайлов бюллетенида «ҳеч қайси бирига» варианти ҳам мавжуд эди. Қонунга кўра, агар кўпчилик ушбу бандни танласа, сайловни такрор ўтказиш лозим бўлади ва депутатликка номзодларнинг ҳеч бири қайта ўтказиладиган сайловда иштирок эта олмайди.
120 депутатдан иборат Қирғизистон парламентига 1 минг 912 депутат номзод сифатида мурожаат қилди. Еттита минтақадаги 2 минг 429 ва чет элдаги 45та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди. Сайловчиларнинг умумий сони 3 миллион 523 мингдан ортиқни ташкил этди. Қирғизистон сайлов тизимига кўра, депутатлар 5 йилга сайланади ва бир сиёсий партиядан максимал 65 нафар депутат бўлиши мумкин.
496 минг 239 сайловчи керакли шаклни тўлдириб, ўзи рўйхатда турмайдиган бошқа жойда овоз бериш учун мурожаат қилди. Ушбу сайловларда илк бор автоматик (электрон) сайлов қутиларидан фойдаланилди. Овоз бериш жараёнлари юзни таниш функцияси, бармоқ изи ва шахсни тасдиқловчи янги ҳужжатлар ёрдамида амалга оширилди. Шу маънода, Қирғизистонда биринчи марта сайловлар рақамли тизимлар асосида ўтказилди.
Сайловолди мунозаралар ва тадбирлар
Овоз эвазига баъзи партиялар томонидан пул тарқатилиши, сайловнинг айрим гуруҳлар манфаатига мос равишда молиялаштирилгани ҳақидаги иддаолар ушбу сайлов жараёнидаги энг асосий муҳокамалардан бири бўлди. Шунингдек, радио ва телеканалларда партия вакиллари бир-бирига нисбатан кескин айбловлар билан чиқишди. Ушбу мунозаралар жараёнида Араван шаҳридаги партия тарафдорлари ва депутатликка номзодлар ўртасида жанжал келиб чиқди.
Евроосиё бўйича баҳслар
Сайловдан бир ҳафта олдин Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Сочида Владимир Путин билан учрашганди. Жээнбеков-Путин учрашуви гарчи аввалдан режалаштирилган бўлса-да, турли сабабларга кўра узоқ вақтдан бери ортга сурилаётган эди. Россия президенти веб-сайтида ушбу учрашув мавзуси «Россия-Қирғизистон стратегик шериклиги ва иттифоқининг келгуси ривожи ва муаммолари; тижорат-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда Евроосиё соҳасидаги интеграцияни янада чуқурлаштириш» деб эълон қилинди.
Ушбу учрашув олдидан президент мансуб бўлган «Биримдик» («Бирлик») номли ҳукмрон партия раҳбари Марат Аманқуловнинг Евроосиё иттифоқи интеграцияси доирасида Қирғизистоннинг Россия билан бирлашиши лозимлиги ҳақида берган баёноти мамлакатда катта реакцияга сабаб бўлди. Зотан, ушбу ташрифдан олдин ҳукмрон партия мамлакатдаги кўплаб реклама панноларида «Евроосиё – халқлар ва маданиятларнинг бирлиги» шиоридан кенг фойдалана бошлаган эди.
28 сентябрь куни ҳукмрон партия раҳбарининг ушбу баёнотига қарши турли партия ва ташкилот вакиллари иштирокида кичик бир митинг бўлиб ўтди. Ушбу митингда «Биримдик», «Қирғизистон» ва «Мекеним Қирғизстан» (Ватаним – Қирғизистон») партияларидан бошқа сиёсий партиялар иштирок этди.
Умуман олганда, ҳукмрон партия – «Биримдик» партияси евроосиёизм руҳидаги нутқлари ва сиёсати ортидан сайловлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатда Россия томонидан қўллаб-қувватлов бўлишига умид қилган.
Сайлов куни
Сайлов жараёни 4 октябрь куни эрталаб соат 08:00да бошланди, соат 20:00да сайлов участкалари ёпилди. Сайловларда мингга яқин маҳаллий ва хорижий кузатувчилар иштирок этди. Хусусан, миллий ахборот агентликлари сайлов округларидан тўғридан тўғри трансляцияларни фаол тарзда намойиш этишди.
Сайлов пунктларига автобусларда жамоавий тарзда олиб келинган, ўз овози акс этган сайлов бюллетенини уяли телефонлари орқали суратга туширган сайловчилар, қўлидаги рўйхатдан ўзига овоз берувчиларнинг қайси бири келиб-келмаганини текширган одамлар, айрим партияларнинг овоз эвазига қанча пул тарқатгани тўғрисидаги суҳбатлар, сайловчилар таққан ниқоблардаги махсус белгилар, сайловларда фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганига оид далиллар матбуот ва ижтимоий тармоқларда кун бўйи эълон қилиб борилди.
Қирғизистон Бош прокуратураси сайлов куни 25та қонунбузилиш ҳолати аниқлангани ва бу ҳолатлар бўйича суриштирув жараёни бошланганини эълон қилди. Умуман олганда, сайлов куни бўлиб ўтган воқеалар жамоатчиликда сайловлар адолатли ва қонуний асосда ўтказилмади, деган фикр уйғотди.
Сайлов натижалари
1 миллион 990 минг 753 сайловчи овоз берган сайловда давомат (иштирок этиш кўрсаткичи) 56,5 фоизни ташкил этди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, электрон қутилар натижалари ва ундан кейин қўлда ҳисоблаш натижалари ўртасида катта фарқ юзага келган. Марказий сайлов комиссияси ушбу ҳолат тўғрисида баёнот бермади. Шу нуқтайи назардан, депутатлик тақсимотида қайси овоз миқдори ҳисобга олинишига ҳам аниқлик киритилмади.
Электрон сайлов қутиларини санаш натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссияси 4 партия парламент сайловларида 7 фоизли чегарадан ўтганини маълум қилди. Бунда парламентдаги ўринларнинг ярмини умумий ҳисобда «Биримдик» (24,53 фоиз ва 46та ўрин) ҳамда «Мекеним Қирғизистон» (23,9 фоиз ва 45та ўрин) партиялари эгаллаган. Маълумотларга кўра, «Биримдик» партияси президент Сооронбой Жээнбеков оиласи билан яқин алоқаларга эга, иккинчи партия эса Қирғизистондаги энг нуфузли кишилардан ҳисобланадиган ака-ука Матраимовлар билан боғлиқ. Шунингдек, ҳукмрон партияга яқин бўлган «Қирғизистан» учинчи бўлди (8,74 фоиз ва 16та ўрин). Яна бир партия - «Бутун Қирғизистан» ҳам парламентга кирди (7,09 фоиз ва 13та ўрин).
Натижалар ҳукмрон партия ва унга шерик партияларнинг ўз кучини сақлаб қолганини, мухолиф партиялар эса парламентга кира олмаганини кўрсатмоқда.
Қирғизистонда 2005 ва 2010 йиллардаги оммавий намойишларнинг асосий сабаблари қаторида ҳукуматнинг коррупциялашиши, давлат органларининг юқори лавозимларига қариндошларни тайинлаш, адолатсиз сайловлар, сайлов натижаларини президент мансуб партия фойдасига манипуляция қилиш, сайлов жараёнида мухолифатни турли воситалар билан бостириш каби ҳолатлар мавжудлигини кўриш мумкин. Сайловдан бир кун олдин Ала-Тоо майдонида бўлиб ўтган митингда ҳам айни шу даъволар янграганди.
Ушбу парламент сайловларидан халқнинг кутган энг катта умиди Қирғизистон мустақилликка эришганидан буён парламентда турган, пойтахт билан алоқаси бўлган, ўз шахсий манфаатини кўзлаб қонунлар чиқарувчи инсонларнинг бошқарувдан четлатилиши ва сиёсатга янги кучлар ва ёшларнинг кириб келиши эди.
Сайловдан кейинги митинглар
Сайлов натижалари маълум бўлгач, 7 фоизлик чегарадан ўта олмаган деярли барча партиялар сайловлар қонун-қоидаларга мувофиқ ўтказилмагани тўғрисида кескин баёнотлар беришди. Партия вакилларининг баъзилари сайлов кунининг эртасидан бошлаб жамоатчиликни пойтахт марказида жойлашган Ала-Тоо майдонида муддатсиз митинг ўтказишга чақирди. 5 октябрь кунидан бошлаб баъзи одамлар, хусусан, мухолифат партиялари тарафдорлари Ала-Тоо майдонида, шунингдек, Бишкекдаги Драма театри ёнидаги майдонга тўпланди. Талас, Норин ва Қоракўл шаҳарлари марказларида ҳам митинглар ўтказила бошлади.
Мухолифат вакилларининг барчаси - 12 партия сайлов натижаларини тан олмасликларини ва уни қабул қилмасликларини билдиришди. Улар сайловни бекор қилиш ва уни қайта ўтказишни, номи коррупция билан бирга тилга олинаётганларнинг депутат бўлишига тўсқинлик қилишни, қонун-қоидаларга мувофиқ сайлов ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратишни талаб қилдилар. Улар сайлов жараёнида аниқланган қонунбузарликларни далил сифатида кўрсатиш орқали сайловларни бекор қилиш тўғрисида Марказий сайлов комиссиясига расмий равишда мурожаат қилишди. Шунингдек, улар мухолифат блоки ташкил этилганини эълон қилишди.
Митинг можарога айланди
6 октябрь куни соат 11:00дан бошлаб, Ала-Тоо майдонида барча мухолиф партиялар вакиллари йиғилиб, катта митинг ўтказишди. Кечга томон митинг майдонида нафақат сайловларни бекор қилиш, балки президентнинг ўз лавозимини муддатидан аввал тарк этиши ҳақидаги талаблар янграй бошлади.
Соат 19:40 атрофида, баъзи митинг иштирокчилари парламент ва президент қароргоҳи жойлашган Оқ уй биносига киришга уринди. Гарчи полиция митинг майдонини тезда бўшатган бўлса-да, тунги соат 1:00 атрофида намойишчилар қайтадан йиғилиб, яна майдонда тўпланишди. Митингчилар ва полиция ўртасида кичик тўқнашувлар содир бўлди.
Намойишчиларнинг майдонга тўпланиши ортидан президент Сооронбай Жээнбеков парламент биносини хавфсизлик чоралари остида тарк этди. Кечаси соат 03:30да намойишчилар полиция тўсиқларини бузиб ўтиб, парламент биноси ва миллий хавфсизлик биносига киришди. Полиция кучлари ҳудудни бутунлай тарк этишди. Парламент биносига кирганлар бинога жиддий зарар етказишди ва баъзи хоналарда ёнғин чиқди.
Парламент биноси эгаллаб олингач ва хавфсизлик кучлари ўз хизмат жойларини тарк этгач, қамоқдаги мухолифат етакчиларидан бири Садир Жапаров ва коррупцияда айбланиб, 12 йилга ҳукм қилинган Алмазбек Атамбоев ҳамда бошқа баъзи сиёсатчилар қамоқдан озод қилинди.
Хулоса
Қирғизистон-Туркия Манас университети тарих факультети доктори Чингиз Буяр
Қирғизистондаги ушбу учинчи халқ ҳаракатининг ривожланиш жараёни ҳам аввалгиларига жуда ўхшаш. Шунингдек, воқеалар ва намойишчилар жуда профессионал тарзда уюштирилгани ҳам кўриниб турибди.
Айтиш жоизки, март ойида бошланган пандемия жараёни Қирғизистон жамиятидаги муаммоларни янада мураккаблаштирди. Айниқса, эпидемия авжига чиққан июль ойида президент ва ҳукумат томонидан деярли ҳеч қандай чора кўрилмагани, соғлиқни сақлаш тизими инқирозга юз тутиши, чегаралар узоқ вақт давомида ёпиқ қолиши, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми 70 фоизгача камайиб кетгани, бошқа мамлакатлар, айниқса, Россиядан ишчиларнинг қайтиб келиши ортидан ижтимоий муаммоларнинг ортгани ва барча муаммоларга қарамай, ҳукуматнинг реал ечимларни излаб топиш учун зарурий саъй-ҳаракатларни намойиш қилмагани халқнинг ҳукуматга нисбатан норозилиги кучайиб кетишига сабаб бўлди. Ҳукумат тепасида турган айрим мансабдорларнинг мамлакатдан катта миқдорда пул ишлаган баъзи одамлар билан муносабатлари ҳақидаги янгиликлар, шунингдек, коррупция билан боғлиқ айбловлар ҳукумат ва унга хайрихоҳ бўлган партиялардан одамларнинг ҳафсаласи пир бўлишига олиб келди. Сайлов жараёнида ҳукмрон партиялар томонидан овоз эвазига пул тарқатилиши, ишончли ва шаффоф сайловлар учун зарур шарт-шароитлар яратилмагани ва мухолифатнинг парламентдан четлатилиши жамоатчилик ғазабини қўзғади.
Жээнбеков Беларусдаги воқеалар Қирғизистонда ҳам содир бўлиши мумкинлигини билиб, Россиядан ёрдам олиш учун Сочида Путин билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашувдан олдин қўлида тузукроқ карта бўлишини хоҳлаган президент Евроосиё масаласини биринчи планга чиқарди. Мамлакатни қориштиришга ва Россиянинг минтақадаги мавжудлигига таҳдид солишга уринаётган баъзи кучлар ҳаракатга киришганини айтди. Буларнинг барчасини, албатта, ички сиёсат ва юзага келадиган хавфсизлик муаммоларида Россиянинг қўллаб-қувватловига муҳтожлик ифода этилган нутқ сифатида баҳолаш мумкин.
5 октябрда бошланган митинг кечқурун полициянинг намойишчиларга қаршилик кўрсатиши ортида тўқнашувга айланди. Ярим тунда парламент биноси намойишчилар томонидан ишғол қилингач, эндиликда мамлакатда сиёсий тузилма қандай шаклланиши ҳақидаги саволлар туғилди. Ушбу воқеалар содир бўлган куннинг эртасидан бошлаб одамлар деярли барча вилоятларда тўпланиб, ҳоким ва бошқа маъмурларнинг ўз лавозимларини муддатидан олдин тарк этишини талаб қила бошлашди ва уларнинг ўрнига ўзлари танлаган одамлар келишини айтишди. Намойишчиларнинг Ала-Тоо майдони, шунингдек, Оқ уй олдида йиғилган вакиллари ҳамда мухолифат партия раҳбарлари келажак йўл харитасини аниқлаб олиш учун музокараларни бошладилар.
Қаерда экани номаълум бўлган президент Сооронбай Жээнбеков 6 октябрь куни эрталаб соат 11:00 атрофида ҳали ҳам ўз лавозимида тургани ва воқеалар назоратга олиниши ҳақида баёнот берди. «Ўтган тунда баъзи сиёсий кучлар давлат ҳукуматини ноқонуний эгаллаб олишга уринди. Сайловлар якунларини важ қилиб, жамоат тартибини бузишди. Улар шаҳарликларнинг тинч ҳаётига халақит берди. Ҳуқуқ-тартибот органларига итоат қилишмади, тиббиёт ходимларини дўппослашди ва биноларга зиён етказишди.
Мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига бирор фуқаронинг ҳаётига хавф туғдирмаслик учун ўт очмаслик ёки қон тўкмаслик ҳақида буйруқ бердим. Ҳозирча вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрдик», деди у.
Марказий сайлов кенгаши 6 октябрь куни сайлов натижалари бекор бўлганини эълон қилди. Митинг ташкилотчилари ва мухолифат раҳбарлари вақтинчалик ҳукумат тузиш бўйича иш бошлади. Адаҳан Мадумаров мувофиқлаштирувчи комиссия раҳбари этиб сайланди. Янги сиёсий жараёнда Жанар Акаев, Адаҳан Мадумаров ва Омурбек Бабанов кабилар биринчи планга чиқадиганга ўхшайди.
Сооронбай Жээнбеков ҳали ҳам қонуний президент сифатида ўз лавозимида. Аввалги намойишлар натижасида юз берган ўзгаришларда аввал муваққат ҳукумат тузилган, кейин эса янги даврнинг ҳуқуқий инфратузилмаси учун зарур бўлган қонун моддалари қабул қилинганди. Шунингдек, президентлик ва парламент сайловлари ўтказилганди. Агар президент ўз лавозимидан кетадиган бўлса, бу гал ҳам худди шу жараён юз бериши мумкин. Қирғизистондаги воқеалар ривожи мамлакатни яна иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммолар билан тўқнаш қилади.
Мавзуга оид
13:51
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024