Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“КХШТ мураккаб геосиёсий инқирозда” — Раббимов
КХШТ саммити учун Бишкекка келган Путин Қирғизистондаги рус ҳарбий базалари минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнаётганини айтган. Хўш, Марказий Осиёда шундай ҳарбий контингентга эҳтиёж борми? Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида экспертлар ушбу мавзу хусусида сўз юритди.
Россиянинг Қирғизистондаги ҳарбий базалари минтақада қандай функцияларни бажаряпти?
Камолиддин Раббимов: Бугун “Коллектив хавфсизлик ташкилоти” (КХШТ) чуқур сиёсий ва геосиёсий инқирозга юз тутган. Бунинг асосий сабаби — Украина уруши. Уруш бошланганидан кейин Владимир Путин, ташкилотнинг қолган аъзоларига босим ўтказа бошлади. Уларнинг олдига: “Мен Украина билан урушаётганда, Ғарб Украинани қўллаяпти. Сизлар эса иттифоқдош сифатида мен томонда туриб, урушда иштирок этишингиз керак”, деган талабни қўйди. Бу ҳатто ОАВга ҳам чиқди. Аммо аъзо давлатлар Россия талабини қўллаб-қувватлашга шошилмади. Қозоғистон эса аниқ позиция билдирди: у фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида халқаро мандат бўлгандагина урушга қўшилиши мумкинлигини айтди. Бу аслида, Путин талабининг очиқчасига рад этилиши эди. Бугунга келиб КХШТ инқирозининг асосий сабабчилари сифатида икки давлат кўринмоқда: Арманистон ва Қирғизистон. Бу сафар саммит Қирғизистонда бўляпти ва мезбон сифатида Қирғизистон унда қатнашмаслиги мумкин эмас эди. Бироқ шуни эслатиш керакки, Қирғизистон охирги икки йил давомида ташкилотнинг ҳарбий машғулотларида иштирок этишни рад этган. Арманистон эса бундан ҳам кескинроқ йўл тутди, Ереван КХШТдаги фаолиятини расман музлатди. Бу тўлиқ чиқиш эмас, чунки чиқиш жараёни мураккаб ва вақт талаб қилади. Арманистон бу позицияни Россия билан очиқ тўқнашмаслик учун танлаган. Бугунги геосиёсий вазият шуни кўрсатмоқдаки, КХШТ аъзолари ташқи хавфдан кўра, кўпроқ Россиянинг сиёсий босимидан чўчимоқда. Шунинг учун ташкилот ичида ишонч, умумий мақсад ва ҳарбий ҳамкорлик тамойиллари издан чиққан. Путин ўз нутқларида одатдагидек: “Биз ҳарбий салоҳиятни мустаҳкамлашимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак”, деган баёнотларни айтса ҳам, бу сўзлар реал вазиятни ўзгартира олмайди. Хулоса шуки КХШТ бугун ўз тарихидаги энг кескин бурилиш нуқтасига етди, аммо бу бурилиш Россияга фойда келтирадиган томонга эмас.
Ойбек Сирожов: Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг навбатдаги йиғилиши Бишкекда бўлиб ўтди. Унда беш давлат раҳбари иштирок этди. КХШТ — асосан Россия етакчилигида тузилган ва ўз вақтида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига муқобил тузилма сифатида кўрилган эди. Унинг вазифаси минтақада стратегик мувозанатни яратиш бўлган. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай халқаро ташкилотнинг самарадорлиги унга янги давлатларнинг қўшилиш истаги билан ўлчанади. Агар ташкилот ўзига янги аъзоларни жалб қила олмаётган бўлса, ёки аксинча, ундан чиқиш жараёни бошланса, демак ташкилотнинг жозибадорлиги пасайган. КХШТга нисбатан сўнгги йилларда айнан шундай тенденция кузатилмоқда: айрим давлатлар фаолиятини музлатмоқда, айримлари чиқиб кетган, жумладан Ўзбекистон ҳам бир вақтлар бу йўлни танлаган. Қирғизистонда бўлиб ўтган КХШТ саммитининг сиёсий фонига тўхталсак: сўнгги ойларда Марказий Осиёда дипломатик фаоллик кучайди. АҚШ билан учрашувлар, ундан кейин Хитой ташқи ишлар вазирининг сафари шуни кўрсатадики, регион геосиёсий майдонда яна марказга айланмоқда. Шу шароитда Россия учун КХШТ йиғилиши минтақадаги ўз таъсирини мустаҳкамлашнинг энг қулай воситаларидан бири бўлди. Чунки учрашувда ташкилотга аъзо бўлмаган Ўзбекистон, Туркманистон каби давлат раҳбарларидан ташқари, қолган Марказий Осиё раҳбарлари Бишкекда бир стол атрофида жамланди. Расмий маълумотларда аниқ қарор ёки янги ташаббуслар ҳақида очиқ гапирилмаган, чунки ташкилотнинг ҳарбий хусусияти бунга йўл қўймайди. Аммо сиёсий кузатувчилар фикрича, Россия бугун Марказий Осиёда асосий эътиборни айнан Қирғизистонга қаратмоқда. Сабаби минтақада Россиянинг икки йирик ҳарбий базаси мавжуд, бири Қирғизистонда, иккинчиси Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий база. Бундан ташқари, 2027 йилда Қирғизистонда президент сайлови бўлиб ўтади. Россия ушбу сиёсий жараённи ўз манфаатлари йўлида ишлатишга уринаётганига оид белгилар бор. Масалан, Қирғизистон хориждаги сайлов участкаларининг 100 тадан 40 таси Россия ҳудудида жойлашган. Бу — Қирғизистон аҳолиси ичида Россияда яшовчилар улуши жуда катта эканининг исботи. Хулоса қилиб айтганда, Бишкекдаги учрашув Россиянинг минтақадаги сиёсий таъсирини сақлаб қолиш йўлидаги навбатдаги қадами бўлди. Аммо ташкилотнинг бугунги ҳолати шуни кўрсатадики, КХШТ энди кучайиб бораётган эмас, балки ўз жозибасини йўқотиб бораётган тузилма сифатида баҳоланмоқда.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:20
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
16:03 / 04.12.2025
Марказий Осиё учун бериладиган 12 млрд евронинг асосий қисми Транс-Каспий коридори учун сарфланади – ЕИ
22:57 / 03.12.2025