Спорт | 16:17 / 12.10.2020
18535
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирига янги ўринбосар тайинланди

Бугун, 12 октябрь куни, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, вазирлик ҳамда спорт федерация ва ассоциациялари раҳбарияти, спорт таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.

Аваз Каримов / Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишга раислик қилган бош вазир ўринбосари А. Абдуҳакимов вазирлик раҳбариятида ташкилий ўзгариш юз берганлигини маълум қилди.

Ўзбекистон президентининг махсус қарори билан Аваз Каримов жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Аваз Каримов 1983 йил 19 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2006 йилда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раисининг ўринбосари сифатида бошлаган. 2007-2011 йилларда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Тошкент шаҳар бўлими раиси, 2011 йилдан Ўзбекистон бадминтон федерацияси раисининг ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган.

2014-2015 йилларда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори ўринбосари, сўнгра от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ишлар бошқармаси бошлиғи, 2017-2019 йилларда Чирчиқ олимпия захиралари мактаб-интернати директори, 2019 йил 6 сентябрдан ҳозирга қадар Республика олимпия захиралари коллежи директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Мавзуга оид