Ўзбекистон | 17:01 / 13.10.2020
13707
2 дақиқада ўқилади

Ким сизга интервью беришни истамаса, айтинг, ўзи ёнингизга бориб маълумот бериб келади – Турдимов

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 12 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида раҳбарларнинг очиқлиги, ОАВ билан ҳамкорлик қилишдан ўзини тортмаслиги тўғрисида гапирди.

Ҳоким вилоятда давлат идоралари очиқ-ошкора ишлаш тизимига ўтгани ва бу сиёсатни бевосита ўзи ҳам қўллаб-қувватлаётганини билдирди. Вилоятдаги ташкилот раҳбарлари билан ўтказиб келинаётган видеоселекторларда оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда билдирилаётган савол ва мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдиришни талаб қилаётганини маълум қилди.

«Очиқлик бугун талаб даражасидами, деган ҳақли савол туғилади. Тан олиш керак, етарлича очиқликка эриша олганимиз йўқ. Қаердадир биз тайёр эмасмиз, қаердадир оммавий ахборот воситалари. Орада бўшлиқ бор. Шуни бир-биримизга айтиб, тўлдириб борсак тўғри бўлади», дея ҳокимнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Анжуманда журналистлар вилоят раҳбарлари, хусусан, ҳокимликлардан маълумот олишда муаммо бўлаётгани тўғрисида эътироз билдиришди.

«Ким сизларга интервью беришни истамаса, менга айтинглар, ўзи ёнингизга бориб маълумот бериб келади. Сиёсат шу, мен ҳамма раҳбарларга айтганман. Керак бўлса, фуқаро ижтимоий тармоқлар орқали қайсидир тизимга оид савол берса, ўша ерда ташкилот раҳбари муносабат билдиришини талаб қиляпман.

Ўзингизга керакли маълумотни олишга қийналсангиз, менга интернет орқали ёзиб юборинг. Ахборот хизматимиз мулоқотни ташкил қилиб беради. Очиқлик сиёсатига кўнмаган раҳбарлар биз билан ишламайди», деди Турдимов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид