Ўзбекистон | 17:41 / 13.10.2020
3214
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва БАА ўртасида янги битим кучга киради. У божхона соҳасига алоқадор

2020 йилнинг 14 октябр куни Ўзбекистон ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим кучга киради.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, ҳужжат 2019 йил 25 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида имзоланган.

Битим божхона қонунчилиги бузилиши олдини олиш, суриштириш ва унга қарши курашишда ўзаро ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди. Мазкур ҳужжат доирасида икки мамлакат божхона органлари уларнинг ҳудудларида амалдаги божхона қонунчилигини бузиш мақсадида фойдаланилгани ёки фойдаланилиши мумкинлиги тўғрисида маълумот ёки шубҳа мавжуд бўлган шахслар, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида бир-бирларига маълумот тақдим этади.

Ҳужжат ўзаро ташқи савдо бўйича статистика маълумотларини «кўзгули статистика» тамойили бўйича ишончлилигини таъминлаш ва товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш, моддий-техник инфратузилмани мустаҳкамлаш ва кадрлар малакасини ошириш орқали божхона маъмуриятини модернизация қилишга ёрдам беради, дейилади ТИВ хабарида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид