Ўзбекистон | 21:11 / 13.10.2020
36534
2 дақиқада ўқилади

Таълим инспекцияси қайси ОТМларда масофавий таълим яхши йўлга қўйилганини маълум қилди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон ОТМларидаги масофавий таълим сифатини ўрганди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Getty Images

Инспекция матбуот котиби Шавкат Хўжақуловнинг айтишича, ўқув йили бошланган кунларданоқ ОТМлардаги онлайн таълим сифати текшириб борилмоқда.

«Профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг электрон платформадан фойдаланиш кўникмаси йўқлиги, мазкур платформалар ўқув-услубий томондан тўлиқ бойитилмагани, техника, шароит етишмаслиги ва интернет сифати каби муаммолар сабаб талабалар давомати каби камчиликлар кузатилди», – деди инспекция расмийси 13 октябрь куни АОКАдаги матбуот анжуманида.

Қайд этилишича, масофавий таълимда яратилган электрон ресурслар сифати таҳлили натижаларига кўра:

  • 38та ОТМда талабаларга маслаҳат бериш хизматлари ва колл-центрлар фаолияти йўлга қўйилмаган;
  • 26та ОТМда талабалар томонидан машғулот сифатига баҳо бериш тизими йўлга қўйилмаган;
  • 19та ОТМда масофавий ўқитиш платформасидан фойдаланиш бўйича қўлланма ва йўриқномалар йўқ.

Қайд этилишича, аниқланган камчиликлар бўйича ОТМларга қатъий огоҳлантириш берилиб, қилиниши керак бўлган ишларнинг «Йўл хариталари» тасдиқланган. Камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилаётгани айтилди.

Шавкат Хўжақулов масофавий таълим нисбатан самарали йўлга қуйилган ОТМларни ҳам санаб ўтди:

  • Халқаро ислом академияси
  • Тошкент молия институти
  • Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти
  • Тошкент ахборот технологиялари университети
  • Тошкент шаҳридаги Инха университети
  • Турин политехника университети
  • Самарқанд давлат университети
  • Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
  • Бухоро давлат тиббиёт институти

Маълум қилинишича, бошқа ОТМларга юқоридаги олийгоҳлар тажрибасини ўрганиш тавсия қилинган.

«Бироқ таъкидлаш жоизки, ҳали масофавий таълимни сифатли ташкил этиш бўйича ОТМларда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар мавжуд. Хусусан, кўпгина мутахассислик бўйича бевосита амалий машғулотлар муҳим ўрин тутишини инобатга олиб, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб босқичма-босқич анъанавий таълимга ўтилиши билан мазкур камчиликлар ҳам бартараф этилади», – деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби.

Мавзуга оид