Жаҳон | 01:27 / 15.10.2020
14214
2 дақиқада ўқилади

ЖССТда ёш соғлом кишилар вакцинани 2022 йилгача олмасликлари мумкинлиги айтилди

Ёш соғлом кишилар 2020 йилгача коронавирусдан эмланадиганлар тоифасига киритилмасликлари мумкин, чунки эмлашда устунлик аҳолининг бошқа тоифаларига берилади. Бу ҳақда ЖССТнинг бош илмий ходими Сумия Сваминатан маълум қилди. 

“Кўпчилик эмлашни соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва вирусга қарши курашнинг олд сафларида турганлар олиши кераклигига розилар. Бироқ бу ҳолатда ҳам улардан қай бири кўпроқ хавф остида эканини аниқлаб олишингиз лозим, сўнгра кексалар ва бошқалар эмланади. Бу борада кўплаб йўриқномалар пайдо бўлади, бироқ фикримча, ёш ва соғлом кишилар вакцинани 2022 йилгача кутиб туришларига тўғри келади”, деб таъкидлаб ўтган ЖССТ вакили.

“Одамлар 1 январда ёки 1 апрелда вакцинани оламан ва ҳаммаси изига қайтади, деб ўйлашга мойиллар. Бироқ бундай бўлмайди”, деб қўшимча қилган Сваминатан.

У 2021 йилгача дунёда жуда бўлмаса битта хавфсиз ва самарали вакцина пайдо бўлишига умид билдирган. Бироқ бундай ягона вакцина чекланган ҳажмда бўлади. Мутахассиснинг таъкидлашича, айни вақтда дунёда коронавирусга қарши 10дан кўпроқ вакцина якуний синовлардан ўтмоқда.

Бу орада ЖССТнинг шошилинч касалликлар бўлими раҳбари Мария Ван Керкховнинг таъкидлашича, бирор давлатнинг бутун аҳолисини эмлашдан олдин бутун дунё бўйлаб вирус олдида энг заиф тоифадаги одамларни эмлаш зарур.

Унинг таъкидлашича, вакцина ҳали йўқ бўлган ҳозирги шароитда ҳам вирус тарқалишини тўхтатиш мумкин. Бунинг учун ниқоб тақиш, гавжум жойлардан қочиш ва қўлларни совунлаб ювиш лозим.

Мавзуга оид