Ўзбекистон | 16:07 / 17.10.2020
11127
3 дақиқада ўқилади

Антибиотикларни тавсия қилиш учун қандай кўрсатмалар бўлиши кераклиги айтилди

Антибиотикларни тавсия қилиш учун организм суюқликларидан бактериологик экмага таҳлил қилинади. Ушбу жараён даврида ўсиб чиқадиган инфекцияга қарши таъсир этувчи антибиотик тури белгиланганига қараб антибиотикнинг бирини тавсия қилиш мумкин. 

Фото: Depositphotos

АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова фуқаронинг «Мен коронавирус инфекцияси билан касалландим. Менга шифокор бактериал асоратларнинг олдини олиш учун ичишингиз керак деб тавсияларда 2 та антибиотик ёзиб берди. Чунки ўпкада 10 фоиз зарарланиш бор экан. Бу тўғрими?» дея берган саволига жавоб қайтарди.

«Вируслар, бактериялар ва замбуруғлар пневмонияни келтириб чиқариши мумкин. Коронавирус касаллиги келтириб чиқарадиган пневмония бу вирусли пневмония ҳисобланади. Вирусли пневмонияда антибиотиклар ишлатилмайди. Чунки антибиотиклар асосан бактерияга қарши ишлатилади. 

Коронавирус чақирган пневмонияда уни бактериал асоратларни олдини олиш мақсадида ҳам умуман ишлатиб бўлмайди. Уларнинг таъсирида организм учун керакли бўлган микроорганизмлар ҳалок бўлади. Қонда керакли микроэлементлар парчаланиши ва организмдан чиқиб кетишини кучайтиради. Бу эса организмда иммунитетни пасайишига ва организмга қўшимча бошқа инфекциялар қўшилган холда бошқа юқумли касалликлар ривожланишига олиб келиши мумкин. 

Лекин, коронавирусда шифокорлар тавсиясига кўра қўлланиладиган азитромицин, ноантибиотик асосан антифибротик эффектини ҳисобга олган ҳолда ишлатилади. У вирусни ҳужайраларга ёпишишини секинлаштириш, тавсиядаги бошқа дори воситаларини таъсирини ошириш ва ўпка тўқимасидаги фиброз жараёнини (чандиқни) олдини олиш мақсадида қўлланилади. 

Антибиотиклар тавсия қилиш учун бир қатор кўрсатмалар бўлиши керак: булар йирингли балғам пайдо бўлиши, қон таҳлилидаги ўзгаришлар, яъни лейкоцитлар ва нейтрофилларни ошиши, яллиғланиш кўрсаткичларини с-реактив оқсилни ошиши ҳисобланади. 

Антибиотикларни тавсия қилиш учун организм суюқликларидан бактериологик экмага (бак.пасев) таҳлил қилинади. Ушбу жараён даврида ўсиб чиқадиган инфекцияга қарши таъсир этувчи антибиотик тури белгиланганига қараб антибиотикнинг бирини тавсия қилиш мумкин. 

Бу даврда пала-партиш қабул қилинган антибиотиклар вирусларга қарши эмас, балки жигар, буйрак ва ичакларга ножўя таъсир қилади ва турли асоратларга олиб келади. Сизга участка шифокорингизга мурожаат қилишингизни ҳамда ҳаммани маслаҳати орқали даволанмасликни тавсия этамиз. Чунки барча коронавирус касалларига жавобгар шифокорлар ССВ томонидан ўқитилганлар ва ўқитилмоқдалар. Улар вазирлик томонидан ишлаб чиқилган даволаш протоколлари асосида даволаш ишларини олиб борадилар», - деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид