Жаҳон | 14:52 / 17.10.2020
7225
2 дақиқада ўқилади

Coca-Cola ўзининг илк парҳез ичимлигини ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда

Гап 1980-йилларда жуда машҳур бўлган Tab ичимлиги ҳақида кетмоқда. Аввалроқ, Coca-Cola компанияси коронавирус пандемияси туфайли ўзининг ярмидан кўпроқ брендларини қисқартирмоқчи эканини маълум қилган эди.

Фото: Richa Naidu/Reuters

The Wall Street Journal’нинг хабар беришича, АҚШнинг дунёга машҳур Coca-Cola компанияси ўзининг илк парҳез ичимлиги - Tab’ни ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда.

Tab бренди остидаги ичимлик 1963 йилдан ишлаб чиқарила бошлаган ва Coca-Cola’нинг илк газли парҳез ичимлигига айланган эди. 1970-80 йилларда маҳсулот ўз машҳурлигининг чўққисига эришади. Кейинчалик, Diet Coke парҳезли ичимлиги чиқарила бошлангач, Tab’нинг машҳурлиги пасайиб кетади. Шунга қарамай компания мижозлар билан ҳурмат туфайли бу ичимликни ишлаб чиқаришни тўхтатмаган. Нашрнинг қайд этишича, баъзи вақтларда Tab ичимлигининг мухлислари агар уни топа олишмаса, компания штаб-квартирасига қўнғироқ қилиб петиция имзолашгача боришган.

The Wall Street Journal томонидан юритиладиган Euromonitor International маълумотларига кўра, 2019 йилда Tab ичимлигининг сотувидан 22 миллиард АҚШ доллари тушган. Шу билан бирга, компаниянинг яна бошқа ичимликлари Diet Coke жами сотувларнинг 35 фоизини, Zero Sugar эса 22 фоизини ташкил қилади.

Coca-Cola компаниясининг инновация ва маркетинглар бўйича директори Кет Кецер ушбу ҳолатни компания бошқа брендлар учун «жой бўшатмоқчи» эканлиги билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, компания салоҳиятга эга бўлмаган ва савдоси ўсмаётган брендлардан воз кечмоқчи.

Мавзуга оид