Спорт | 16:42 / 17.10.2020
2754
5 дақиқада ўқилади

Самарқанд яриммарафони қандай тартибда ўтиши аниқ бўлди

Бугун, 17 октябрь куни Самарқандда «Samarkand Half Marathon» хайрия яриммарафони дастурини тақдим этиш бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда бош вазир ўринбосари, «Samarkand Half Marathon» ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, яриммарафон бош ҳамкори «Капиталбанк» бошқарув раиси Алишер Мирзаев иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб беришди.

Дунёдаги эпидемиологик вазият марафонни виртуал форматда ўтказишни тақозо этмоқда. «Samarkand Half Marathon» хайрия ярим марафони бу йил аутизмга чалинганларни қўллаб-қувватлаш шиорида ўтказилади.

«Самарқанд яриммарафони республика маданий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшади. Шунингдек, ушбу лойиҳа хайрия миссиясига, яъни аутизмга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Шуни таъкидлашни истардимки, имконияти чекланган ва соғлом болаларни биргаликда ўқитиш, тарбиялашни тизимли равишда жорий этиш, энг муҳими, жаҳон тенденциясига мувофиқ аутизм ҳақида гапириш, биргаликда ҳаракат қилиш орқали одамларнинг ушбу муҳим мавзу бўйича хабардорлигини оширишга интиляпмиз», деди «Samarkand Half Marathon» ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Матбуот анжуманида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам нутқ сўзлади: «Самарқанд шаҳрида иккинчи маротаба ташкил этилаётган ушбу марафон мамлакат ижтимоий ҳаётида йирик ҳодиса бўлиб, у юртимизда маданий туризмни ривожлантиришга катта туртки бўлади. Бу шунчаки югуриш, оддий спорт тадбири эмас, балки бой маданий анъаналарни ўзида мужассам этган лойиҳадир. Мамлакатимиз ифтихорига айланган спортчилар – Оксана Чусовитина, Шаҳрам Ғиёсов, Одил Аҳмедов, Руслан Нуриддинов ҳам марафонни тарғиб этишда фаол иштирок этди. Фурсатдан фойдаланиб мен ҳам барчангизни ушбу марафонда иштирок этишга чорлаб қоламан», деди Равшан Эрматов.

Бу йилги яриммарафон эпидемиологик вазият туфайли онлайн форматда ўтказилади. Бу йўл билан бутун дунёдаги минглаб одамлар эътиборини Ўзбекистонга қаратиш мумкин.

1 ноябрь куни Самарқандда профессионал спортчилар учун 21 км масофага мўлжалланган классик яриммарафон ўтказилиши режалаштирилган. Шу куни эрталаб соат 09:00 дан 11:00 га қадар белгиланган йўналишда профессионаллар учун югуриш бўлиб ўтади. Шундан сўнг, кеч соат 21:00 гача бўлган вақт оралиғида бошқа иштирокчилар ўз хоҳишига кўра, ҳар қандай масофани босиб ўтиши, финиш аркаси ёнида суратга тушиши ҳам мумкин.

Яриммарафон ўтказиладиган куни Самарқандда бўла олмаган инсонлар учун югуриш виртуал форматда ўтказилади, бу эса тадбирга кўплаб югурувчиларни жалб қилиш, бутун дунё бўйлаб иштирокчиларга жой ва масофани ўзлари танлаш эркинлигини тақдим этади. Натижада халқаро хайрия яриммарафонининг географияси кенгаяди.

«Samarkand Half Marathon» дастурида аниқ белгиланган масофалар бўлмайди. Ҳар бир иштирокчи 1 км.дан 50 км.гача бўлган масофани ўз хоҳишига кўра босиб ўтади. Тадбирда қатнашишни истаганлар 1 ноябрга қадар яриммарафоннинг www.samarkandhalfmarathon.uz сайтида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтишлари лозим.

Ушбу тадбирда бу йил асосий эътибор жамоавий иштирокка, югуриш клублари ва коорпоратив жамоаларни жалб қилишга қаратилади. Шу мақсадда ташкилотчилар томонидан бутун дунё бўйлаб югурувчилар орасида машҳур бўлган бепул «GPS Strava» мобил иловаси ишга туширилди. Мобил илова орқали финалчиларнинг якуний натижалари сайтга автоматик равишда юкланади. Натижалар тўғри юкланиши учун «GPS Strava» мобил иловасида аккаунтингизни шахсий кабинет билан биргаликда синхронлаштиришингиз лозим.

Бу йилги тадбирда биринчилик учун асосий кураш клублар, ҳудудлар ва жамоалар ўртасида кечишини инобатга олган ҳолда яриммарафонда республикамиз минтақаларидан ўзларини фаол намойиш этишлари сўралади. Одамлар қамрови кенгроқ бўлиши учун мобил иловага онлайн форматдаги иккита янги (масофаси 1 км бўлган) «Болалар югуриши» ва «Скандинавча юриш» вариантлари қўшилди.

1 ноябрь куни яриммарафоннинг расмий сайтида жараён бутун дунё бўйлаб жонли эфирда узатиб борилади. Шу куни югуриш натижаларига кўра энг узун масофани босиб ўтган жамоа ва ҳудуд ғолиб деб эълон қилинади.

Самарқандда ўтказилган матбуот анжумани якунида ташкилотчилар марафон ўтадиган трассалар ва уларда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечиришди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Мавзуга оид