Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Исроил билан алоқалар яхшиланиши мумкинлигини айтди
Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши эҳтимоли мавжуд, лекин бу ҳолатда Исроил-Фаластин музокараларини бошлашга устуворлик берилади. Бу ҳақда АҚШга ташриф буюрган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал ол-Сауд Яқин шарқ сиёсати бўйича Вашингтон институтига берган интервьюсида маълум қилган.
« Исроил билан алоқалар яхшиланиши мумкин. Биз Форс кўрфазидаги инқирозга барҳам берилишига умид қиламиз. Лекин, бу босқичда биринчи ўриндаги вазифа фаластинлик ва исроилликларни музокаралар столига қайтариш», – дейди у.
Саудия ташқи сиёсат идораси раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозир барча эътибор икки тарафни музокаралар столига «ўтказиш»га қаратилган. «Охир-оқибат минтақада тинчлик ва барқарорлик қарор топади, агар биз буни уддалай олмасак, бу ҳолат тузалмас яра бўлиб қолади», дейди у.
Чоршанба куни АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Саудия ташқи ишлар вазири билан икки томонлама стратегик музокараларининг биринчи раунди ўтказилгандан сўнг, расмий Ар-Риёз Иброҳим келишувига қўшилишига умид билдирган эди. Иброҳим келишуви Араб давлатлари ва Исроил ўртасида муносабатларни АҚШ воситачилигида яхшилаш мақсадида тузилган халқаро келишув.
Шу йилнинг 15 сентябр куни Вашингтонда Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн Исроил билан алоқаларни яхшилаш борасида келишув имзолади. Исроил бош вазири бу ҳолатни «тарихий бурилиш палласи» деб атаган. Фаластин эса ушбу келишувга қарши чиқди ҳамда Абу-Даби ва Манамадан ўз элчиларини чақириб олди.