Жамият | 21:00 / 18.10.2020
13181
4 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Менглиев: «Ўзбек тилининг ҳам миллий корпуси яратилиши лозим»

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни. Ушбу сана арафасида Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Бахтиёр Менглиев миллий тилни равнақ топтиришда компьютер лингвистикасини ривожлантириш ва хорижликларнинг ўзбек тилини ўрганиши учун имкониятлар яратишнинг муҳимлиги ҳақида сўз юритди.

«Ҳозир ҳатто қадимги тилларнинг ҳам корпуслари ишлаб чиқилган»

— Ахборот асрида ривожланишга даъвогар ҳар қандай тил сунъий интеллект тилига айланиши керак. Она тилимизнинг дунё миқёсидаги нуфузи фақат ташвиқот-тарғибот билан ошмайди.

Сунъий интеллектга дохил бўлмаган тилнинг тараққиёти ҳақида гап очиш ҳам тўғри эмас.

Бу муаммоларни ҳал этиш борасида олимлар томонидан кўплаб илмий тадқиқот ва амалий ишлар бажарилиши керак. Бунинг натижаси ўлароқ, ўзбек сунъий интеллекти, ўзбек интеллектуал системаси ёки ўзбек эксперт системаси каби янги илмий тушунчалар замонавий фанларимиз доирасида кенг ёйилмоғи лозим.

Сунъий интеллект методлари асосида аниқ бир предмет, тил соҳасига тегишли интеллектуал масалаларни ечишга мўлжалланган дастурий ёки техник системалар интеллектуал системалар деб юритилади. Муайян предмет соҳасидаги масалаларни амалий ечишга мўлжалланган интеллектуал системалар эса эксперт системалардир. Хуллас, буларни ўзбек тили доирасида яратиш учун миллий компьютер лингвистикаси соҳаси жадал ва кенг қамровли, тизимли ва аниқ мақсад-режали ривожланмоғи лозим.

Демак, замонавий тадқиқотлар, ҳатто компьютер лингвистикаси тараққиёти учун ҳам тил корпусларини яратиш зарур экан.

Корпус – тил бирликларининг хусусиятларини аниқлаш мақсадида қидирув дастурига бўйсундирилган матнлар мажмуи, табиий тилдаги электрон шаклда сақланадиган ёзма ёки оғзаки, компьютерлаштирилган қидирув тизимига дастурий таъминот асосида жойлаштирилган матнлар жамланмаси. Тил корпуслари – тил бўйича тадқиқот ва амалий топшириқлар ечими учун инкор этиб бўлмас иш қуроли.

Жаҳон тилларининг жуда кўпчилиги мукаммаллик даражаси ва матнни илмий қайта ишлаш имконияти билан фарқ қилувчи ўз миллий корпусларига эга. Миллий тил ва давлат тили тараққиётида миллий корпуслар аҳамияти ва ўрнининг қанчалик муҳимлигини давр кўрсатмоқда.

Нафақат дунё тили саналган инглиз, испан, хитой, араб, француз, рус, немис тилларининг миллий корпуслари яратилган, балки поляк, поляк-украин, чех, словак, серб, хорват, босния, болгар, болгар-рус, македон, шотланд, нидерланд, нидерланд-француз, швед, дат, норвег, исланд, фарер, ўрта аср француз тили, испан, итальян, португал, румин, литва, латиш, грек, шарқий арман, осетин, албан, ҳинд, хетт, фин, урал тиллари, эстон, вепс, венгер, удмурт, грузин, инглиз-грузин, лазгин, турк, татар, тожик, бошқирд, қрим-татар, қалмиқ, бурят, монгол, араб, иврит, амхар, япон, қадимий япон, баман, эсперанто тилларининг ҳам корпуслари мавжуд.

Дунё компьютер лингвистикасида миллий тил корпусининг мавжудлигига тилнинг яшовчанлик ва компьютер тилига айланиш мезони сифатида қаралмоқда.

Компьютер ва корпус лингвистикаси глобаллашув шароитида тилларга иммунитет бахш этувчи асосий воситалардир.

«Ўзбек тилини ўрганиш истагидаги хорижликлар учун сифатли қўлланмалар керак»

— Хорижликларга ўзбек тилини ўргатиш методикаси шаклланмаяпти. Сифатли қўлланмалар йўқ. Уларни шунчаки ёзиб ташлаш ҳам мумкин эмас. Тил бўйича қўлланмаларнинг сифатли/сифатсизлиги, самарали/самарасизлиги дарров кўзга ташланавермайди. Ахир, тил эгалари она тилини фақат таълим йўли билангина эгалламайди. Оила, жамият, радио-телевидение ҳам аслида тил ўқитувчилари. Лекин хорижликлар учун аниқ-тиниқ натижа берадиган мукаммал манбалар керак.

Тилимизнинг мураккаблик бўйича босқичлари илмий аниқланиб, шу асосда турли лексик-грамматик даражадаги, кетма-кетликка асосланган қўлланмалар яратиш – долзарб вазифа. Биринчи ўринда лингвистик база шакллантирилиши керак. Бу тизимли, чуқур илмий тадқиқотларни тақозо этади.

Айни муаммо доирасида камида ўнга яқин лингвистик, методик йўналишдаги фундаментал ва инновацион тадқиқот амалга оширилиши керак. Кейин қўлланмалар яратишга ўтилади.

Нажот – амалий аҳамиятли, мақсадли илмда. Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда, қуруқ, баландпарвоз ва самарасиз минбар гаплари билан умримиз ўтаверади.

Мавзуга оид