Ўзбекистон | 23:48 / 18.10.2020
23438
4 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Самарқандда шаҳар куни қандай нишонланди?

1996 йилнинг 18 октябрь куни – Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейида Самарқанд шаҳри «Амир Темур» ордени билан тақдирланган ва 18 октябрь Самарқанд шаҳар куни деб белгиланган эди. Шундан буён, чорак асрдирки ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади.

Шаҳар кўчалари бўйлаб эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янгради ва барчани байрамга чорлади.

Асосий байрам тадбирлари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиш билан бошланди. Аждодлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Самарқанд шаҳри куни муносабати билан Алишер Навоий кўчасида бир неча кундан буён «Табиат саховати» арзонлаштирилган савдо ярмаркаси фаолият кўрсатмоқда. 18 октябрь ярмарка фаолияти билан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқа раҳбарлар ҳам танишди.

Самарқанд шаҳрида «MAKON MALL» йирик савдо комплекси ўз иш фаолиятини бошлади

Самарқандда маҳаллий ва хитойлик тадбиркорлар иштирокида «Баҳор» савдо маркази қайтадан реконструкция қилиниб, замонавий «MAKON MALL» савдо комплекси барпо этилди. Лойиҳа қиймати 7 млн доллар бўлиб, шундан 2 млн доллар – тўғридан тўғри хорижий инвестициялар.

Очиб берилган мажмуада жами юзга яқин савдо дўконлари ишга туширилиб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига хизмат қилишга тайёр. Мажмуада 200га яқин янги иш ўрни яратилди.

Шу куни Самарқанд шаҳрида давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган 2 қаватли Давлат хизматлари марказининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

Марказда 36та қабул ойнаси, электрон навбат тизими учун 18та монитор ўрнатилган.

Шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими, тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, инвесторлар хонаси, адвокатура, нотариус ва суғурта бўлими, банк кассаси, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ҳамда фуқаролик паспортини бериш бўйича шаҳар ИИБ ходими хонаси ҳам мавжуд.

Куннинг биринчи ярмида шаҳардаги янгиланган Нарпай кўчаси фойдаланишга топширилди. Бу кўча Самарқанд шаҳрининг энг серқатнов йўлларидан бири. У шаҳарни Паст Дарғом, Нуробод туманлари ва қўшни вилоятлар билан боғлайди.

Умумий узунлиги 7 км бўлган кўчанинг 6,4 км қисмига асфальт ётқизилган бўлиб, унинг атрофида пиёдалар йўлаги, тунги ёритиш чироқлари, 6 та замонавий автобекат, 550 кв.м. майдонда автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.

Самарқанд тумани ҳудудида умумий майдони 69,88 гектар, шундан 4 гектарида савдо комплекси барпо этилиши режалаштирилган «Ko‘ksaroy Auto Mall» мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди.

100 миллион доллар сарфланиши кўзда тутилган ва «Нурли келажак ишонч сервис» МЧЖ таъсисчилигида бунёд этилиши белгиланган мазкур мажмуада 2200та савдо дўкони қурилиши белгиланган бўлиб, 10 мингга яқин кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Мажмуа 2022 йилнинг 1-чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

18 октябрда, шунингдек, Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Жомбой туманларини боғловчи кўприк ҳам фойдаланишга топширилди.

Шаҳардаги «Ширин» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқдарё устида қурилган янги кўприк «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» УК томонидан 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган. Узунлиги – 90 метр, эни – 7,5 метр, 100 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга.

Самарқанд шаҳридаги Афросиёб кўчаси ҳам капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Шаҳарнинг энг серқатнов йўлларидан бири ҳисобланадиган Афросиёб кўчаси орқали Тошкент тракт йўли билан Самарқанддан Булунғур ва Жомбой туманлари ва вилоятларга чиқиб кетилади.

Кўчанинг умумий узунлиги 1654 метрни ташкил этиб, таъмирлаш ишларида 29,2 минг тонна асфальт қопламаси, 3108 метр лоток ётқизилди. 3108 метр пиёдалар йўлаги қурилди. 1580 метр бордюр, 110 дона ёритиш чироқлари ўрнатилди; иккита замонавий автобекат қурилди.

Шу пайтгача канализация тизими бўлмаган Афросиёб кўчасига канализация тизими ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилди.

Самарқанд шаҳри куни муносабати билан ташкил этилган тадбирлар Кимёгарлар шаҳарчасидаги «Нурафшон» санъат саройи ҳовлисида бошланган концерт дастурига уланиб кетди.

Фотосуратлар муаллифи: Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати, Бахтиёр Мустанов.

Мавзуга оид